ИИБ терговчиси ўғирликда айбланган аёлни таҳқирлади

2830

Самарқандлик терговчи ўғриликда шубҳаланган аёлни ечинтир ва ҳақоратлалагани акс этган видео тарқалди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирда ўзи кўринмаëтган эркак киши камера қаратилган аëлни қаттиқ ҳақорат билан кийимларини ечиб, қип-яланғоч бўлишга мажбурлайди. Кадр ортида яна бир аëлнинг айни-дўқ пўписа остида ечинишга мажбурланаëтгани овози эшитилади.

Маълум бўлишича бу воқеа 3 июнь куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлимининг биносида бўлган. Ҳақорат ва таҳдид остида аëлни ечинишга мажбурлаган шахс ИИБ жиноят-қидирув бўлими терговчиси Санъат Умаров бўлади.

Самарқанд ҳуқуқ тизими вакили¸ бу аëлларнинг Каттақўрғон бозорида содир бўлган ўғрилик муносабати билан ушланганлардан эканини билдирди.

Умаров аёлни қаттиқ ҳақорат ва таҳқирлар остида «Ҳозир онангни с…н сени. Анавуни кўраяпсанми, еч сен ҳам», дейди. Кадр орқасидаги аёл йиғлаб туриб, «илтимос ундай қилманг», деб ёлворади¸ аммо ҳақорат ва таҳқир давом этади.

Видеодаги аёл «Акажон, мен қилмаганман», деб ёлворади. Аммо буйруқ бераëтган шахс энди аëлга қип-яланғоч ҳолда кўчага чиқишни айтиб ўшқиради.

Сайтнинг аниқлашига кўра, кадр ортидаги шахс ўзи эканлигини тасдиқлаган ва аёллардан узр сўраганлигини илова қилган.

Мажбуран ечинтирилган аёллар вилоят прокурорига шикоят қилган. Жиноят иши очилиши кутилмоқда.
Бу воқеа ижтимоий тармоқ аъзоларининг кескин танқидига сабаб бўлди.

Кўпчилик терговчининг ҳам онаси, аёли ва қизи борлигини эслатмоқда ва аёл кишини ҳар қандай ҳолатда ҳам ечинтиришга мажбурлашга қаршилигини билдирмоқда.

Шунингдек, бу воқеа юзасидан Ички ишлар вазирлигининг муносабатини талаб қилганлар ҳам бор.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу ҳодиса юзасидан #QadrimniToptama хештегини қўйиб воқеага ўз муносабатини билдирмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг февраль ойида милиция ходимларининг ўзлари қонунни бузаётганини кескин танқид қилиб, минглаб ходимлар порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этганини эслатган ва «…Бундай ҳолатда аҳоли орасида ички ишлар ходими обрўсини қандай қилиб ошириш мумкин? Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак?» – деган эди.

Аёлнинг ечинтирилгани видеосини сайтга қўйиш лозим топилмади.

Фикр-мулоҳаза қолдириш

Изоҳ қолдириш

Please enter your comment!
Please enter your name here

fifteen + 7 =