Hala Madrid! Роналду «Реал» билан хайрлашув мактубини эълон қилди

309

Португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналду «Реал»ни тарк этиши муносабати билан очиқ хат йўллади. Ушбу хат матни 192 сўздан иборат. Қуйида ушбу мактубни тўла ҳолда ҳавола этилади. 

Мадрид шаҳрида «Реал» жамоасида ўтган йиллар, эҳтимол, умримнинг энг бахтли дамлари бўлди.

Бу клубга, бу дамларга ва бу шаҳарга нисбатан қалбимда фақат улкан миннатдорчилик ҳисси бор. Мен уларнинг ҳаммасига меҳр ва садоқатлари учун ташаккур изҳор этаман.

Шундай бўлса-да, ҳаётимда янги босқичга қадам қўйиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Шунинг учун ҳам клубдан мени трансферга қўйишларини сўрадим. Ҳиссиётларим шундай йўл тутишга ундади. Ҳаммадан, айниқса мухлисларимиздан мени тўғри тушунишларини илтимос қиламан.

Майдонда ва кийиниш хонасида жуда ажойиб жамоадошлар даврасида бўлдим. Уларнинг орасида ёқимли илиқликни ҳис этиб ўйнадим. Биз кетма-кет уч марта чемпионликка эришдик, беш йилда тўрт марта ғолиб бўлдик. Уларнинг ёрдами билан шахсий совринлар, 4та «Олтин тўп» ва 3та «Олтин бутса» совринларини ютганимдан қониқиш туйғусини сезяпман. Бу ердалигимда доим буюк ва ўзига хос клубда эканимни билиб турардим.

«Реал Мадрид» нафақат менинг, балки оиламнинг ҳам қалбидан жой олган. Шунинг учун ҳам ҳозир ҳар доимгидан кўпроқ раҳмат айтмоқчиман: клубга, президентга, директорларга, жамоадошларимга, барча техник ходимларга, шифокорларга, физиотерапевтлар ва клубнинг энг майда юмушларини ҳам ҳормай-толмай бажариб келаётган барча-барча ходимларга чуқур миннатдорчилик билдираман.

Мухлисларга чексиз ташаккурларим. Испания футболига ҳам раҳмат. 9 йил давомида буюк футболчиларга қарши тўп сурдим. Уларнинг барчасига ҳурмат ва эҳтиромимни билдираман.

Мен узоқ ўйлаб, янги давр бошланадиган пайт келганини тушундим. Мен кетяпман, бироқ қаерда бўлсам ҳам, бу футболка, бу майдон ва «Сантяьго Бернабеу» худди ўзимникидек бўлиб қолаверади.

Барчага раҳмат. Стадионимизда бундан 9 йил муқаддам айтганимни яна бир бор такрорлайман: Hala Madrid!

Фикр-мулоҳаза қолдириш

Изоҳ қолдириш

Please enter your comment!
Please enter your name here

19 − twelve =