Фототанқид: сомонга ўт кетмоқда, мутасаддилар эса жим

256

ЎзАда журналист Жамшид Ёрбековнинг ҳудудларда буғдой далалалари, ҳосил йиғиштириб олингач ёқиб юборилаётгани ҳақидаги мақоласи чоп этилди. Қуйида мақола тўлиғича эътиборингизга ҳавола этилади.

Жиззах вилояти Мирзачўл туманидаги «Самад» фермер хўжалигининг ғалласи ўрилган 14 гектар майдонига ўт қўйиб юборилди.

Фермер хўжалиги раҳбари Мансур Холбеков билан телефон орқали боғланиб, бу ҳақда сўраганимизда аниқ ва тўлиқ жавоб ололмадик.

Ҳосили йиғиштириб олинган майдонлардаги сомонни ёқиб юбориш ҳудуддаги бошқа хўжаликларда ҳам содир этилган.

Бундай аянчли манзарани «Женес», «Лазиз-Азизбек», «Сангзор чамани» ва бошқа фермер хўжаликлар далаларида ҳам кўриш мумкин.

«Қаҳрамон Расул ота» фермер хўжалиги даласида ўзини «чўпонман» деб таништирган мана бу йигитни раиснинг топшириғи билан далага ўт қўяётган пайтда ўт ўчириш бўлимига хабар қилдик. Натижада ёнғин бартараф этилди.

«Мавсум бошида барча фермер хўжаликлари раҳбарлари бўш қолган майдонларни ёндирмаслик тўғрисида огоҳлантирилган ва бу ҳақда аризалар ҳам олинган. Шунга қарамасдан, ҳудудда 8 марта ғалласи ўрилган майдонга ўт қўйиш ҳолати кузатилди. Ушбу ҳолатлар бўйича чора кўриш учун туман табиатни муҳофаза қилиш инспекциясига хабарнома жўнатилган», — дейди туман ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи Акром Самиев.

Туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Раҳматилла Асқаров бу масалада ҳеч қандай чора кўрмагани, чунки ҳудудни айланиб чиқиш учун улови йўқлигини билдирди. Мамлакатда ер унумдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда туманда бу аҳволга эътибор берилмаётгани ажабланарли. Бунга туман раҳбарлари, соҳа мутасаддилари нима дер экан?

Фикр-мулоҳаза қолдириш

Изоҳ қолдириш

Please enter your comment!
Please enter your name here

2 + thirteen =