Жирафани ўлдириб, ўлжаси билан суратга тушган қиз танқидга учради (фото)

485

Америкалик қиз жирафани ўлдириб, ўлжаси билан суратга тушган. Интернет фойдаланувчилари қизни танқид остида қолдирган, деб ёзмоқда TravelAsk.

Бугун бадавлат кишилар вақтини чоғ ўтказиш учун танлаётган турли-туман машғулотлар ичида, афсуски, хавфлилари ҳам бор. Бунинг ёрқин мисоли — жирафа ови. Жирафа қирилиб кетаётган ҳайвонлар сирасига кирмайди, бироқ уларнинг сони кун сайин қисқариб бормоқда. Бугунги кунда сайёрада 110—150 мингга яқин жирафа бор. Жирафалар Африканинг ЖАР, Зимбабве, Намибия сингари давлатларида кўп учрайди. Шунинг учун, бу мамлакатларда жирафа ови тақиқланмаган.

Жирафа ўлдириш учун овчилар 15 минг доллар (баъзида эса кўпроқ) миқдоридаги пулни тўлашга тайёр. Бу ваҳший машғулотнинг ўртача нархи суткасига 1500 долларни ташкил қилади.

Яқинда америкалик Тесс Томпсон Телли исмли қизнинг ўз ўлжаси билан тушган сурати интернет фойдаланувчилари эътиборини тортди. Аслида қиз жирафани 1 йил илгари овлаб суратга тушган, бироқ Африка оммавий ахборот воситалари суратни яқиндагина эълон қилган. Тесснинг сўзларига қараганда, у ноёб қора жирафани ўлдириб ўзининг бутун умрлик орзусини рўёбга чиқарган. Шунинг учун ҳам, у ўз қувончини яширмаган ҳолда суратни ижтимоий тармоққа жойлаган.

Журналистлар суратга нисбатан танқидий муносабат билдирган: «Оқ танли америкалик ёввойи Африкага келади ва ўзининг аҳмоқлиги туфайли ноёб жирафаларни ўлдиради. Унинг исми Тесс Томпсон Телли».

Пост остида 50 мингга яқин изоҳ қолдирилган. Табиийки, фойдаланувчиларнинг аксарияти қизни танқид қилган. Бироқ айримлар Африка мамлакатлари ҳукуматларини жирафа овлашни тақиқламагани учун жазога тортиш лозимлигини ёзган: «Сиз бунга йўл қўйган Африка давлатларини айблашингиз керак. Бу ғайриинсонийликдир».

Тесснинг ўзи эса суратни шундай изоҳлаган: «Бугун мени жирафа овлаш билан боғлиқ бутун умрлик орзум рўёбга чиқди. У менинг ўлжам эканини дарров сездим. У 18 ёшдан катта, оғирлиги — 1814 килограмм, бу — 900 килограммдан ошиқ гўшт дегани».

Албатта, танқидга учрагач Тесс ўзини оқлашга уринган. Унинг айтишича, жирафалар сони қўриқхоналар қурилганидан кейин кўпайишни бошлаган. Қўриқхоналар эса овчилар маблағлари эвазига қурилган. Шунингдек, Тесс жирафанинг ниҳоятда қари ва кўпайишга қодир бўлмаганини ёзган.

Фикр-мулоҳаза қолдириш

Изоҳ қолдириш

Please enter your comment!
Please enter your name here

1 × 2 =