Карим Мирҳодиев номзоди APСА «Оскар»ига тавсия этилмоқда

Австралиянинг Брисбен шаҳрида Осиё-Тинч океани «Оскар» киномукофоти (APSA) га ўзбекистонлик актёр Карим Мирҳодиев номзоди ҳам тавсия этилди, деб хабар берилди.

«Осиё Оскари» деб ҳам аталадиган мазкур мукофот тақдимотида Ўзбекистон кинематографлари илк бор иштирок этмоқда.

Карим Мирҳодиев Рашид Маликов томонидан суратга олинган «Сабот» фильмидаги роли учун мукофотнинг «Энг яхши актёр» номинациясига тавсия қилинган. Актёр 29 ноябрь куни Австралияда ўтказиладиган тақдимот маросимига таклиф этилган.

Айни пайтда 64 ёшни қаршилаган Карим Мирҳодиев қатор роллари билан нафақат ўзбек, балки кўплаб хориж киносеварлари орасида ҳам таниқли. У 2001 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган. Бу йил Остона шаҳрида ўтказилган «Евразия» XIV Халқаро кинофестивалида «Энг яхши эркак роли» номинацияси ғолиби бўлди.

Маълумот учун: Осиё-Тинч океани (APSA) мукофотига 2007 йилда асос солинган. Унда мазкур ҳудуд киночилари томонидан ишлаб чиқарилган энг яхши фильмлар тақдирланади. Географик жиҳатдан бу мукофот Мисрдан тортиб Россия шимолий қисмлари, Янги Зеландия ва барча жанубий ҳудудларни қамраб олган.

Мазкур кинофорумда 70 та мамлакатдан кинематографлар иштирок этади.