Қайнонасини ўлдирган самарқандлик келин устидан ҳукм ўқилди

397

Шу йилнинг ёз ойларида самарқандлик 36 ёшли аёлнинг қайнонасини пичоқлаб ўлдиргани ҳақидаги хабар эълон қилинганди. Ушбу иш юзасидан суд ҳукми ўқилиб, қотилликка қўл урган келин 12 йилга қамоқ жазосига маҳкум этилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари Ў.Мамадалиевнинг «Зарафшон» газетаси сайтида эълон қилинган мақоласида тўхталиб ўтилган.

Бу хонадонга келин бўлиб тушганидан бери, яъни 2006 йилдан буён қайнонаси билан бирга истиқомат қилган. Оилада келишмовчиликлар бўлган. Қайнона ҳовлининг ярмини сотиб, уни қизига расмийлаштириб бергач, ўртада ўзаро низолар авж олган. Аммо гувоҳлар фикрига таянадиган бўлсак, қайнона ўғлини ва келинини бу ҳовлидан чиқариб юбориш ниятида бўлмаган. Ўзаро келишмовчилик эса давом этаверган.

Шундай кунларнинг бирида қулай фурсатни пойлаб, уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган келин қайнонасига кетма-кет пичоқ санчади. Қайнонасини ўлдирганидан мурдани плёнкага ўраб, ертўлага туширишга ҳаракат қилади. Бу ишни амалга ошириш учун вояга етмаган, ҳали 12 ёшга ҳам кирмаган ўғилларидан ёрдам сўрайди. Бувисининг мурдасини кўриб, қўрққан болакайлар онасига ёрдам беришдан бош тортади. Онаси эса уларга бу гапни ҳеч кимга айтмасликни тайинлайди.

Уйига турмуш ўртоғи кириб келганда ҳам гўё ҳеч нарса бўлмагандай ўзини тутади. Қайнонасини эса узоқроқ қариндошлариникига меҳмондорчиликка кетганини киприк қоқмай айтади. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, келин ертўладаги мурдани бу ердан чиқариб ташлаш кераклиги ҳақида режа тузади. Кўчадаги такси ҳайдовчиларидан бирининг рақамини олиб, уйида таъмирлаш ишлари олиб бораётганини, шунинг учун баъзи нарсаларини қариндошиникига олиб бориши кераклигини айтиб, гилам орасига ўралган мурдани машина юкхонасига жойлаштиради. Сиёб каналига яқин жойда машинани тўхтатиб, нарсаларини тушириб қолади. У ёғига ўғли билан бир амаллаб, мурдани сувга оқизиб юборади.

Бу орада турмуш ўртоғи, қайнопаси онасидан хавотир олиб, қариндошларига қўнғироқ қилаётган, онасини шифохоналару бориши мумкин бўлган барча жойдан қидиришга тушганди. Натижа бўлмагач, ички ишлар идораларига мурожаат қилишига тўғри келади. Ички ишлар идоралари ходимлари ўз навбатида уларни сувда топилган жасад билан юзлаштирадилар…

Келиннинг қилмишлари фош бўлди, унга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Икки фарзанднинг онаси жинояти учун ўн икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Фикр-мулоҳаза қолдириш

Изоҳ қолдириш

Please enter your comment!
Please enter your name here

13 − 7 =