Фарғонача кўчириш. Ичида одам яшаётган уйлар бузилмоқда

 

Кейинги кунларда интернетда Фарғона шаҳри марказидаги уйлар эгалари кўчмай туриб бузилаётгани, бу эса кўп йиллардан бери яшаб келаётган уйини ташлаб, шаҳар чеккасидаги ҳудудга кўчишни истамаётган аҳолининг кескин норозилигини келтириб чиқаргани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Фарғона шаҳридаги, халқ тили билан айтганда «Гидролизный» дея аталувчи мазкур ҳудудга йўл олдик.

Фарғона шаҳрининг Алишер Навоий, Соҳибқирон Темур ва Форобий кўчалари кесишмасида жойлашган 2 қаватли уйлар ёнидамиз. Бу ерда жуда асабий ҳолат ҳукм сурмоқда. Бунинг сабабига эса қуйида муфассал тўхталамиз.

Муаммо нимада?

Шу йилнинг 2 январь куни «Гидролизный» шаҳарчасида жойлашган 12та кўпқаватли уйларда яшаётган аҳолига шаҳар ҳокимлиги вакиллари томонидан қўққисдан «уйларинг сносга тушди» дея хабар берилади.

Аввалига мутасаддилар хонадон эгаларига уйлари сотиб олинишини айтишган. Кейин эса, биринчи босқичда бузилиши кўзда тутилган 8та уйдаги 62 хонадон – Фарғона шаҳар, Регистон кўчасида янги қурилган кўпқаватли уйдаги хонадонларга кўчирилиши билдирилади.

Халқда шундай нақл бор: «Қушнинг ҳам уяси бузилмасин». Бузилиши кутилаётган уйларда яшовчи аҳолининг маълум бир қисми янги уйларга кўчишни истамайди. Маълум қисми кўч-кўронини кўтариб кўчиб ўтади.

Мутасаддилар эса зудлик билан уйларни бузишга киришадилар. Айни пайтда, 8та уй жойлашган ҳудудда бир неча уй бутунлай бузилиб бўлган, бузиш ишлари давом этмоқда. Ажабланарлиси, бузилаётган уйларда ҳали ҳам чиқиб кетишни истамаётган квартира соҳиблари бор.

Айни пайтда ҳокимлик вакиллари ички ишлар ходимлари билан хонадондан кўчиб чиқишни истамаётган аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва тортишувлар келиб чиққан.

Бузилаётган уйлардаги ҳолат билан танишдик. Одамлар уйнинг томлари очилиб, электр ва газ узилаётганига қарамай, совуқ кунда ўз хонадонларида қолишган. Улар ҳокимлик тақдим этган уйларга кўчишни умуман исташмаяпти. Масалан, 32-уйда 4та хонадон ярим бузилган уйда яшамоқда.

Хўш, аҳоли нега янги уйларга кўчиб ўтишни истамаяпти? 

Вяльшин Милан. 32-уйдаги 4 «А» хонадон соҳиби
— Шахсан мен янги уйга кўчиб ўтишга қарши эмасман. Фақат, шаҳар ҳокимлиги тавсия қилган хонадон худди ўзимникидек, шаҳар марказида бўлиши керак. Ҳозирги кўчиб ўтишга мажбур бўлган жойимиз шаҳар чеккасида. Бу мени қониқтирмайди. Ўзингиз кўриб турибсиз, уйимиз бузиляпти, лекин ҳокимлик бизга худди ўзимизникидек шароитдаги яшаш жойини топиб бергани йўқ. Уйнинг том қисми бузилиб бўлди. Агар қор ёки ёмғир ёғса, аҳволимиз жуда чатоқ. Кўчиб чиқиб кетмаганлар орасида 90 ёшли қари онахон ҳам бор.

Дилфуза Арипова. 40-уй, 5-хонадонда яшайди
— Бизнинг оиламиз ҳам кўчиб кетгани йўқ. Сабаби, бизга берилиши лозим бўлган уйларни бориб кўрдим. Шаҳар чеккасида, транспорт йўналишидан узоқ, қайсидир заводнинг чиқиндиси оққани учун ДСЭНМ яшашга нолойиқ деб топган жойлар экан. Биз фарзандларим, невараларим билан шаҳар марказида, боғчага, ўқишга бориш учун шарт-шароитимиз аъло жойда яшаётган эдик. Шаҳар ҳокимлиги нега марказда қурилаётган уйлардан бермай, чекка ҳудуддаги уйларни тавсия қиляпти? Энг ёмони, ҳозир уйимизни бузаётган қурувчи йигит уй томининг бир томони бузиб бўлингани, ёғингарчилик бўлса, сув о