Бош прокуратура Навоийда ЙПХ ходимлари калтаклаган ҳайдовчи бўйича тафсилотларни маълум қилди

Навоий вилояти Хатирчи тумани прокуратураси ЙПХ ходимлари томонидан калтакланган ҳайдовчи ҳолати бўйича терговга қадар текшириш ҳаракатларини ўтказмоқда.

23 январь куни соғлиги ёмонлашган Исроил Худойназаров касалхонага мурожаат қилиб, ЙПХ ходимлари унга нисбатан куч ишлатиб, тан жароҳати етказгани ҳақида маълум қилган. Тез ёрдам бўлими туман ИИБ навбатчилик қисмига хабар бераган.

Туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида Исроил Худойназаров 21 январь куни соат 18:00дан кейин Nexia-2 автомашинасида уйига қайтаётганида, туман марказида ЙПХ ходимлари унга тўхташ ишорасини кўрсатган. Аммо спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун  қонуний талабга бўйсунмай, ҳаракатни давом эттирган. Ходимлар уни таъқиб қилганини маълум қилган.

Исроил Худойназоровга кўра, ЙПХ ходимлари Хўжақўрғон маҳалласидаги «Наврўз» кафеси олдида етиб олиб, унга нисбатан куч ишлатиб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича сўралган вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари Б.Ш. ва Ш.О.лар тушунтиришларида, фуқаро Исроил Худойназаровга нисбатан куч ишлатмаганликлари, уни уриб тан жароҳати етказмаганлигини маълум қилган.

ИИБ ходимларига кўра, Исроил Худойназаров қочаётган вақтида шох-шаббаларга урилиб, ерга йиқилгани натижасида тан жароҳатларини олган.

Бундан ташқари, ИИБ ходимлари маст ҳолда автомобилни бошқарган Исроил Худойназоровга нисбатан маъмурий баённома тузганликларини айтган.

Kun.uz Хатирчи туман марказий шифохонасининг бош травматологи Учқун Ҳаққулов билан суҳбатлашган.

Бемор шифохонага келганда унинг аҳволи ўрта оғир даражада эди. Зарур тиббий кўриклар амалга оширилди. Унда чап томонлама 5 ва 8-қовурғалар ёпиқ синиши, иккала ёноқ кўкариши, зарба туфайли бошининг чап томони лат ейиши аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли органларга хабар бердик. Айни вақтда даволаш жараёни давом этмоқда.

Учқун Ҳаққулов, Бош травматолог

Воқеа гувоҳи Анвар Қозоқов эса Kun.uz билан суҳбатга қуйдагиларни баён қилган:

Кечки пайт ‘Наврўз’ кафеси ёнидан ўтиб кетаётганимда, девор ортида бақир-чақир товушларни эшитдим. Бориб қарасам, ички ишлар ходимлари бир кишини аёвсиз калтакламоқда. Формада бўлишгани учун аралашолмадим.

Воқеа бўйича терговга қадар текширув тайинланган. Ҳақиқатни аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.