Марказий банк: Автокредит биз учун хатарли кредит, шу сабаб банкларга талабни кучайтирдик

Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуродов бугун, 6 февраль куни бўлиб ўтган Халқаро пресс клуб сессиясида банк учун қандай кредитлар хатарли ҳисобланиши ҳақида маълумот берди.

«Хатари кучли бўлган кредит турлари мавжуд. Масалан, автомобиль сотиб олишга бериладиган кредит. Худо кўрсатмасин, автомобиль авария бўлди, машина гаровга қўйилган, у энди йўқ. Шунинг учун, ўртадаги маржа деган нарса кредитни қайтариш хатари билан боғлиқ.

Энди кредит олган одамга, кредитни текинга берсангиз ҳам ‘Нега уйимга олиб келиб бермадинг?’, дейди.

Банклар аҳолидан қабул қиладиган пул миқдори бевосита инфляция билан боғлиқ. Яъни кредит ставкаси инфляция билан ҳамоҳанг юради. Тадбиркор кредитга куйса, фақат ўзи куяди. Агар банк берган пулига куйса, ўзи билан кўпчиликни куйдиради. Чунки банк кредит сифатида ўз пулини эмас, балки халқ пулини беради», — дейди Нурмуродов.

Марказий банк бошқарув раиси мамлакатда автокредит бериш жараёни сустлашганини қуйидагича изоҳлади:

«Автокредит беришга тўғридан-тўғри тақиқ йўқ. Биз автокредитлар бўйича хатар даражасини оширдик, шунинг учун банкларга талабларни кучайтирдик. Биз бу масалага макроиқтисодиёт нуқтаи назаридан ёндашишимиз керак. Янги автомобилларни харид қилиш учун кредитлаш ривожланаётган пайтда биз иккиламчи бозорни ўлдирамиз. Автокредитларни оммавий равишда бериш ва бирламчи бозорни ривожлантириш оқибатида биз маълум даражада, иккиламчи бозорда паст нархлар учун шарт-шароитлар яратамиз. Шундай қилиб, бир ярим йил ичида автомобиль анча арзонлашади ва кредитни қопламайди».