Ўзбекистонда 519 минг пенсионернинг нафақаси ошди

2019 йил 1 январдан 519 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг пенсия миқдори қайта ҳисобланди. Бунга пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача иш ҳақининг энг юқори миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробарига оширилиши сабаб бўлган. Бу ҳақда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси хабар берди.

2018 йил давомида 330,5 минг нафар фуқарога пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинланган.

2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчилар жами аҳолининг 10,6 фоизини ташкил этиб, қарийб 3 миллион 500 минг нафарга етган. Улардан 3 миллион 163 минг нафари пенсия, 323 минг нафари ижтимоий нафақа олувчилар ҳисобланади.​

Аввалроқ, Пенсия жамғармаси томонидан 2018 йил давомида жами 2 миллиард 776 миллион 500 минг сўмлик пенсия ва ижтимоий нафақалар белгиланган тартибга зид равишда тўлангани хабар қилинган эди.