Ортиқхўжаев: Хорижий инвесторларни жалб этиш – аввало пиарга боғлиқ

Бугун, 11 февраль куни «Business city» лойиҳаларининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу тадбир имкон қадар кўп инвесторлар ва Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистонда қурилаётган янги бизнес шаҳарлар ва иншоотларга хорижий инвесторларни жалб этиш энг аввало тўғри ва ўринли «пиар»га боғлиқлиги ҳақида гапирди.

«Мамлакатнинг иқтисодиёти ривожланишига, шаҳарнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишни истаган журналистлар лойиҳаларни қай тариқа пиар қилиши жуда муҳим», дейди шаҳар ҳокими.

Тақдимотда маълум қилинишича, «Mirzo Ulugbek Business City» лойиҳаси Амир Темур майдонидан Мустақиллик ва Мирзо Улуғбек кўчалари бўйлаб 6,5 км масофада амалга оширилади. «Yunusobad Business City» лойиҳаси эса Янги Шаҳар ва Чинобод кўчалари кесишмасида жойлашган.

Барча аҳоли ва бизнес вакилларининг кўчмас мулк объектлари қурилиш майдонига тушиб қолса, тегишли равишда пул маблағлари кўринишида ёки шаҳарнинг бошқа бир туманида шунга ўхшаш мулк кўринишида компенсация билан таъминланади.

«Айрим хонадонларнинг яшаш шароити жуда оғир. Ўзингиз бугун тақдимотда гувоҳ бўлганингиздек, баъзиларининг ҳолати ҳаттоки оддий гигиена талабларига жавоб бермайди. Хонадон эгалари кўчиб ўтишга тайёр. Биз уларга янги ва замонавий уйларда яшаш имконини берамиз. Истасалар, Сергели туманидаги тайёр қурилган янги турар-жойларга ёки шу маҳаллаларда қуриладиган вилла кўринишдаги хонадонга кўчиб ўтишади. Бир хонадонда қанча оила бўлишидан қатъи назар, бир уйга битта вилла берилади. Ўн кун давомида, кимошди савдоси ўтказилиши режалаштирилмоқда. Истаган инвесторлар мазкур аукционда иштирок этиши мумкин», деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Мазкур лойиҳалар доирасида замонавий «ақлли» ускуналар билан жиҳозланган меҳмонхоналар, кўп қаватли турар-жой бинолари, чакана савдо дўконлари, кўп тармоқли мажмуалар, идоралар, ижтимоий инфратузилма объектлари, кўп қаватли автомобиллар учун тўхташ жойлари ва қулай йўловчилар ўтиш йўлаклари қурилиши кўзда тутилган.