Андижонда 5 ёшли ўғлини ёғоч бўлаги билан уриб ўлдирган аёл 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

292

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида 5 ёшли ўғлини тарбиялаш мақсадида унинг танасини турли жойларига ёғоч бўлаги билан уриб, жароҳат етказган Шаҳноза Валиевага нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Жиноят ишлари бўйича Улуғнор туман судининг раиси Сардорбек Юсуповнинг маълум қилишича, Шаҳноза Валиева 2018 йилнинг 15 октябрь куни соат 15:00 лар чамасида ўзи истиқомат қилиб келаётган Избоскан тумани, Мангуберди маҳалласи, Байналминал кўчасида жойлашган хонадонида, вояга етмаган ўғли, ҳозирда марҳум З.Каримовни қайнонаси М.Валиевани яшаш хонадонига боришига тўсқинлик қилиб ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлган.

Суд-тиббиёт экспертиза бюросининг хулосасига кўра, марҳумда бош тери остига қон қуйилиши, кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи аъзоларини ёпиқ шикасти, ўпка, талоқ аъзоларини кам қонлиги, ўткир юрак қон томир ҳамда нафас етишмовчилиги, ияк, чап қўл 2-3 бармоқларида йиртилган жароҳатлар, бош тепа, ўнг-чап қўл елка ва билакларида, оёқ сон болдирларида кўплаб тери остига қон қуйилишлари, бош тепа, чап чакка, чап юз, юқори-пастки лабида, ияк, бўйин, кўкрак, қўл-оёқларида кўплаб шилинмалар аниқланган. Ушбу тан жароҳатлар ҳаёти учун хавфли бўлган «Оғир» даражадаги тан жароҳатлар туркумига киргани туфайли норасидани ўлими билан сабабий боғлиқ экани кўрсатилган.

Суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига кўра, Шаҳноза Валиева жиноят содир этган вақтда ҳам, экспертизадан ўтказилаётган вақтда ҳам ўзининг хатти-ҳаракатларини идрок қилиш, бошқариш ва жавоб бериш имкониятига эга экани кўрсатилган.

Суд мажлисида сўроқ қилинган судланувчи айбига қисман иқрор ва пушаймон эканини билдирган. Унинг маълум қилишича Ш.Валиев билан 2012 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуши давомида 2 нафар фарзандли бўлишган. Шу сабабли, 2015 йилда қурилиши тугалланмаган янги уйга кўчиб ўтишиб, ўша ерда яшай бошлашган. 2018 йилнинг май ойида, турмуш ўртоғи ишлаш мақсадида, Россияга кетган. Қурилиш ишларини якунлаш истагида қайнакалари Отабек ҳамда Қувонч Валиевларнинг келганидан фойдаланган ўғли амакилари билан қўшни маҳаллада яшовчи бувисиникига кетган. Эртаси куни ўғлини олиб келиш мақсадида борганида қайнонаси асоссиз баҳоналарни рўкач қилиб, келгусида ўғли билан бирга яшатмаслигини айтиб, ҳақорат қилган. Бундан ғазабланган Шаҳноза Валиева қайтаётганида уйга боришга қаршилик қилган фарзандини қўлига жаҳл устида дарахт новдаси билан 2 маротаба урган. Уйга келганда ўғли ухлаган. Уйғониб яна бувисиникига боришини айтиб, қочиб чиқиб кетмоқчи бўлаётганда очиқ айвондаги баландлиги тахминан 1,5 метрни ташкил этган зинадан бош қисми билан йиқилган ва ҳушини йўқотган. Аввалига қўшни маҳаллада яшовчи опаси У.Бегматовани чақириб келиб, иккиси бирга фарзандини юзига сув сепишига қарамай ўзгариш сезилмагани сабабли, қўшниси З.Режаповни автомашинасида шифохонага олиб боришганида, тиббий кўрикдан ўтказган шифокор фарзандини вафот этганини маълум қилган. Фарзандини уришига турмуш ўртоғи ва қайнонасининг бир неча йил давомида ўтказиб келган маънавий зулмлари сабаб бўлганидан ташқари, ўғлини эҳтиётсизлиги натижасида бош қисми билан ерга йиқилганини, уни ёғоч тахта билан урмаганини билдирган.

Суд, давлат айбловчиси Б.Фозиловнинг хулосасини, судланувчи Ш.Валиева ва жабрланувчи қонуний вакили Ш.Валиевнинг кўрсатувини, ҳимоячи К.Бакиров ҳамда жамоат ҳимоячиси С.Абдураҳмонованинг фикрини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, судланувчининг жиноят содир этганликдаги айби, уни ўз айбига иқрор, шунингдек пушаймон эканини билдириб, берган кўрсатувидан ташқари, воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, экспертиза хулосалари, фото суратлардан ташқари, иш бўйича тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан ҳам ўз исботини тўлиқ топган деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 10-моддаси, «Жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи» деб номланиб, унга кўра, мазкур моддада, «Қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт» деб кўрсатилган.

Суд мажлисида сўроқ қилинган Ш.Валиева айбига қисман иқрор ва пушаймон эканини билдириб, кўрсатув берса-да, бироқ унинг айби суд мажлисида текширилган ҳамда тўпланган далиллар йиғиндиси билан ҳам ўз исботини тўлиқ топди.

Юқоридаги Қонун талабидан келиб чиқиб, суд судланувчи Ш.Валиеванинг кўрсатувига ҳуқуқий баҳо бериб, уни айбини енгиллаштириш ва тайинланиши мумкин бўлган муқаррар жазодан қочиш мақсадида ўйлаб топилган важлар деб баҳолади.

Суд Шаҳноза Валиевани Жиноят Кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айбдор деб топиб, ЖКнинг 50-моддаси талаби асосида 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Фикр-мулоҳаза қолдириш

Изоҳ қолдириш

Please enter your comment!
Please enter your name here

eight + eight =