Самарқандлик Умар Ражабов (Умарбой), ўғли ва бир неча киши қамоққа олинди

Самарқанд шаҳрида кўп йиллардан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган, 1990-йилларда «Умарбанк» хусусий тижорат банкига асос солган, кейинги йилларда «Умар» қурилиш компаниясига раҳбарлик қилган йирик тадбиркор Умар Ражабов қўлга олинди.

Умар Ражабов билан бирга унинг ўғли Русланбек Ражабов ҳамда компания таркибидаги иккита қурилиш фирмасининг раҳбарлари Шавкат Облоқулов ва Файзулло Файзиев Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Ушбу ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси ҳозирча расмий маълумот бермади. Шунингдек, вилоят ИИБда ҳам бу ҳақда расмий маълумот йўқ.

Манбанинг маълум қилишича, «Умар» компанияси томонидан қурилган уйлар Самарқанднинг тарихий қисмида, ЮНЕСКО муҳофазасидаги ҳудудда жойлашгани туфайли бузилиши бошлангач, бу уйларга олдиндан буюртма берганлар пулларини қайтаришни талаб қила бошлаган. Умар Ражабов ва унинг ходимлари ана шундай шикоят хатлари асосида қўлга олинган ҳамда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, «Умар» компанияси 2016 йилда Самарқанднинг Мироншоҳ кўчасида кўп қаватли уй қурилишини бошлаганди. 2018 йилнинг июнида ЮНЕСКО бу қурилишга эътироз билдирган, ўз навбатида Самарқанд шаҳри ҳокимлиги ҳам уй бузилиши тўғрисида қарор чиқарганди.

Мироншоҳ кўчасида қурилган уй
Фото: Murat Sarsenov / Facebook

Ҳокимлик маълумотига кўра, тадбиркорга Самарқанд шаҳрининг аввалги ҳокими Воҳид Санақулович Раҳимов томонидан имзо чекилган (у 2017 йилнинг августида ишдан олинган) қарор билан Мироншоҳ кўчасида 2 қаватли савдо маркази қуришга рухсат берилган. Аммо тадбиркор бу ҳудудда 7 қаватли уй қуришни бошлаган. 2018 йилнинг июнида Самарқанд шаҳрининг ҳозирги ҳокими Фурқат Раҳимов қарорига асосан бинони бузиш ишлари бошлангач, бинодаги уйлар учун аввалдан буюртма қилиб, ҳақ тўлаб қўйган мижозлар пулларни қайтаришни талаб қила бошлашган.