Ўзбекистондан қадимий жонзот суяк қолдиқлари топилди

Фарғона вилояти Риштон тумани Янгийўл қишлоғи, Янгитурмуш кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи Тўхтасин ака ўз уйини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш жараёнида уйнинг эски пол остидан ноанъанавий кўринишдаги ҳайвон қолдиқларига дуч келди.

Топилманинг суяк тузилишини айни замонимизда яшаётган ва боқилаётган ёки илмий китобларда фотосуратлари акс этган бирор бир мавжудотга қиёслай олмагач, уни телефонига суратга туширади.

-Хозир яшаётган хонадонимиз 1969 йилда марказий Фарғона чўлларини ўзлаштириш жараёнида янги инфратузилма барпо этиш учун қурилган,- дейди Тўхтасин ака. Ажабтовур ҳайвон қолдиқларини бирорта жонзотга тахмин қила олмадим ва (одатда қишлоқда шундай қилинади) қўшниларни чақирдим. Ҳамма ҳар ҳил фикрлар, мулоҳазалар билдиряпти. Тахминимизча, динозавр суякларини эслатяпти бу қолдиқлар. Яна билмадим…

Котежлар барпо қилингунга қадар бу ерлар яйдоқ чўл ерлари бўлган. Гиёҳ ҳам ўсмаган. Бизники каби хонадонлар қурилиш қонун қоидаларига риоя этилмасдан, ернинг қаттиқ қисмигача кавланмасдан қурилаверган. Шунинг учун бу ҳайвон суяклари безарар сақланган бўлиши мумкин, дейди уй эгаси.

Бир қарашда, думини хисобга олмаганда, қолдиқлар кенгуруни, туяқушни эслатади. Оёқлари гавдасига нисбатан бақувват, узун кўринишга эга. Умуртқа поғонаси ва қовурға қисми қўйсимон ҳайвонларга алоқадор. Бўйин қисми эса паррандани эслатади.

Ҳозирча бу топилмага мутахассислар хулосаси берилмаган.