Самарқандда МИБ якшанба куни ҳам тадбиркор ва аҳоли тинчини бузмоқда

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари якшанба кунлари ҳам аҳоли ва тадбиркорларнинг электр энергия, газ ва бошқа тўловлар бўйича қарздорликларини текшириш бўйича «рейд» ўтқазмоқда.

Дам олиш кунларидаги бу текширувлар фуқароларнинг асосли норозилигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Самарқанд шаҳри Регистон майдони яқинида жойлашган савдо дўкони эгасининг хабар беришича МИБ ходимлари унинг дўконига якшанба 10 феврал куни келган ва электр энергия учун вужудга келган қарздорликни тўлашни талаб қилишган. «Якшанба куни банклар ишламайди ва МИБ талабини бажариш имкони бўлмади. Қарздорликни кейинги куннинг ўзида банк орқали кўчириб бердим, лекин шунга қарамасда ҳам МИБ ҳисоб рақамига қўшимча икки миллион сўм қайта уланиш учун тўлаб беришга мажбурлашди. Якшанба куни автоматдан узишди, нахотки автоматни қўл билан ёқиш икки миллион турса?» – деб фикр билдирди тадбиркор.

Якшанба куни МИБ ходимларининг ишга мажбурланаётганлиги меҳнат қонунчилигига ҳам зиддир. Меҳнат кодексининг 129-моддасига асосан якшанба умумий дам олиш куни ҳисобланади ва 130- моддасига асосан дам олиш кунлари ходимларни оммавий ишга жалб этиш таъқиқланган.

Дам олиш кунлари истисно тариқасида айрим ходимларни ишга жалб этиш касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда, ходимнинг ихтиёрий ёзма розилиги ва икки ҳисса ҳак тўлаш шарти билангина амалга оширилиши мумкин.

Самарқанд шаҳар МИБ бош ҳисобчиси ходимларнинг якшанба куни ишга чиқиши учун касаба уюшмаси билан келишув, ходимларнинг розилик хатларининг борлиги ва қўшимча ҳак тўланаётанлиги бўйича саволимизга жавоб бермади.

Самарқанд вилоят МИБ расмий вакили ходимларнинг якшанба куни ҳам ишга чиқарилаётганини тасдиқлади ва бу ҳолат ҳозирда хизмат сафари билан Самарқандга келган Мажбурий ижро бюроси Марказий аппарати раҳбариятининг топшириғи билан амалга оширилаётганини билдирди.

Аммо МИБ раҳбариятнинг Самарқандга келганлиги ва ходимларнинг якшанба куни ишга чиқарилаётганлиги бўйича боғлиқлик бўйича саволга жавоб бермади. Расмийнинг берган маьлумотига кўра ходимлар фақат феврал ойидан якшанба кунлари ишга чиқарилмоқда.

Ўзбекистонда яшканба куни расман дам олиш куни деб белгиланган ва бу куни одамларнинг мажбурий ижро ходимлари томонидан безовта қилинишини расман тўхтатишни сўраб МИБ Марказий аппарати раҳбариятига мурожаат этамиз.

Мирзо Субханов