Тошкентда 70 ўринли шифохонада 140 та ўрин яратилгани аниқланди

Шунингдек, Рентген аппарати маънан эскирганлиги ва яроқлилик муддати ўтиб кетгани ҳамда лифтнинг ишламаслиги ҳам айтиб ўтилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухаррам Дадахўжаева Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ўтказган ўрганишлари давомида туман тиббиёт бирлашмаси, шифохона, қатор қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари, хусусий тиббиёт муассасаларида бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишди, беморлар билан суҳбатда бўлди.

Хусусан, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонада аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Бироқ ўрганишлар жараёнида бу ерда шароит ва имконият борасида айрим муаммолар мавжудлиги аниқ бўлди. Масалан, аслида 70 ўринга мўлжалланган мазкур шифохонада, имкониятдан келиб чиқиб, 140 ўрин яратилган: 30 ўринли шошилинч тиббий ёрдам, 30 ўринли терапия, 30 ўринли неврология, 30 ўринли болалар ҳамда 20 ўринли режали хирургия бўлимларидан иборат.

Шунингдек, тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар эскириб кетган ёки етишмайди, жарроҳлик буюмлари танқислиги бор. Рентген аппарати маънан эскирган, яроқлилик муддати ўтиб кетган. Лифтнинг ишламаслиги эса, айниқса жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган беморлар учун ғоятда ноқулайлик туғдираётгани аниқланган.

Бу ҳақда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси хабар берди.