Фермерлар «изиллаб» ўғит қидираётганда “Жиззахагрокимёҳимоя” 30 тонна аммиакли селитра ўғирланди

2019 йил 12 март куни Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшовчи Д.Р. ИИБга мурожаат қилиб, унда шу йил 11 мартга ўтар кечаси номаълум шахс “Жиззахагрокимёҳимоя” АЖ филиалига қарашли 2-сонли омборхонасидан 30 тонна аммиакли селитра минерал ўғитини ўғирлаб кетганлигини маълум қилган.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Дўстлик маҳалласида яшовчи Ш.С. содир этганлиги аниқланиб, ушланган. Далилий ашё сифатида 750 кг. аммиакли селитра минерал ўғити олинган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўтган йилнинг август ойида эса қуйидаги ҳолат аниқланган эди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, 2018 йилнинг 14 август куни Жиззах вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.

Маълум бўлишича, шу йилнинг 3 апрелидан 30 июнига қадар “Жиззах агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамияти Арнасой туман филиали мудир ўринбосари лавозимида ишлаган И.В. ўзининг моддий жавобгарлигида бўлган жами 145 млн 332 минг 350 сўмлик 445,3 литр суперфар ҳамда 9,6 литр бестсэллер 20 фоизли заҳарли кимёвий дори воситаларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб, ушбу камомадни яшириш мақсадида Арнасой тумани ҳудудидаги 47 та фермерлик хўжаликлари раҳбарлари номидан сохталаштирилган ишончнома ва юк хатларини расмийлаштирганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш: жуда кўп миқдорда) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.