Божхоначилар Ўзбекистонга «антиқа» усулда олиб кирилаётган сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини аниқлашди

Бухоро вилояти божхоначилари юртимизга ноқонуний йўллар билан сифати кафолатланмаган маҳсулотларни олиб кирилишига чек қўйишди.
“Volvo” автомашиналаридаги кўрпа-ёстиқлар ичига сифати кафолатланмаган маҳсулотлар яширилганлиги фош бўлди

“Олот” чегара божхона пости Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари юртимизга кириб келган фуқаро П.Р. бошқарувидаги “Volvo” русумли юк автомашинасини божхона кўригидан ўтказишди.

Натижада, ушбу шахс автомашинадаги кўрпа ва ёстиқлар жилди орасига божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган ва божхона юк декларациясида кўрсатилмаган умумий қиймати 14 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи сифати кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бўйинбоғларни яширган ҳолда юртимизга олиб кирмоқчи бўлганлиги фош этилди.

Яна бир шунга ўхшаш ҳолатда ҳолатда фуқаро С.Р. бошқарувидаги “Volvo”русумли юк автомашинаси божхона кўригидан ўтказилганда, ушбу қоидабузар ҳам худди шундай усулдан фойдаланиб, 246 дона бўйинбоғларни кўрпа ва ёстиқ жилдига жойлаштириб, яширинча олиб ўтмоқчи бўлган вақтда тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.