Шавкат Мирзиёев “StrategEast Westernization Award — 2018” мукофотига сазовор бўлди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлари учун АҚШнинг “StrategEast” маркази томонидан тақдирланди.

Бу ҳақда мазкур сиёсий ва дипломатик ечимлар нотижорат марказига  таяниб «Халқ сўзи» нашри хабар қилди.

Президентимиз ушбу ташкилотнинг “StrategEast Westernization Award — 2018” мукофотига мамлакатда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестиция иқлимини яхшилаш, қонун устуворлиги ва хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш соҳасидаги хизматлари учун лойиқ топилган.

Бундан ташқари, Юртбошимизнинг чегараолди муаммоларига ечим топиш ҳамда қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси алоҳида таъкидланган.

“StrategEast” Вашингтонда жойлашган, ушбу ташкилот фаолияти постсовет давлатларини уларнинг Ғарб сиёсий ва ишбилармон доиралар билан алоқаларни йўлга қўйишига кўмаклашиш мақсадида тадқиқ этишга йўналтирилган.