Талабалар стипендиядан воз кечиб, контракт пулини камроқ тўлаши мумкин

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «2019/2020-ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Лойиҳага кўра, 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб:

Абитуриентларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)га ҳужжат топшириш ҳуқуқи берилади;

Абитуриентлар олий таълим муассасасига ҳужжатларни яшаш манзилидан қатъий назар давлат хизматлари марказлари орқали топшириш ҳуқуқига эга ;

тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинган барча босқич талабалари стипендиялардан воз кечиш ҳисобига йиллик олинадиган стипендия миқдорига мос равишда камайтирилган тўлов-котракт пулини тўлаш ҳуқуқига эга;

ОТМларнинг сиртқи ва кечки таълим бўлимларида ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда ўқитишнинг қиймати кундузги таълим шаклидан паст бўлганлигини инобатга олиб, тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги ўқитиш шакли қийматидан кўп бўлмаган миқдорида белгиланади.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 28 мартга қадар давом этади. Лойиҳа шу кўринишда қабул қилиниши, ўзгартирилиши ёки бутунлай рад этилиши мумкин.