Айрим чиройли рақамларни ҳам онлайн аукционда сотиш кераклиги айтилди

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистонда баъзи авторақамларни онлайн аукцион орқали сотиш тўғрисида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда барча соҳалар сингари йўл ҳаракат хавфсизлиги соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

“Хусусан, авторақамлар онлайн аукциони орқали “чиройли рақамлар” савдосининг йўлга қўйилиши бу соҳада коррупция ва таниш-билишчилик каби салбий ҳолатларни сезиларли даражада пасайтирди. Ҳозирда аукцион савдолари орқали давлат бюджетига тушган маблағлар халқимиз фаровонлиги учун йўналтирилмоқда. Бироқ баъзи “кўзгусимон рақамлар” (масалан, 717, 727, 747, 515, 171, 212, 383, 818 ва бошқалар) нима учундир аукцион савдоларига жойлаштирилмайди. Мазкур рақамлар ҳам ўзига хос қийматга эга бўлиб, кўзга ёқадиган, чиройли рақамлар сирасига киради”, – деб ёзади петиция муаллифи.

Билдирилишича, бундай рақамларга талаб жуда юқори бўлиб, уларнинг эскича берилиши турли коррупцион ҳолатларга олиб келяпти. Чет элларда бундай рақамлар ҳам очиқ аукцион орқали сотилади.

“Аҳолининг бундай рақамларга бўлган юқори талабини инобатга олган ҳолда, уларни тахминан 1 млн. сўмдан бошланғич нарх билан аукционга қўйиш (маълумот учун, 066 ва 220 каби рақамларнинг бошланғич баҳоси 2 млн. сўмдан ортиқни ташкил қилади) фойдадан холи бўлмайди. Бу орқали биз фуқароларда чиройли рақамларни олишда қандайдир ноқонуний усуллар эмас, қонуний тарзда қўлга киритиш имкони яратиларди.

Шу сабабли мазкур турдаги авторақамларни ҳам онлайн аукцион орқали сотишни таклиф қиламан”, – дейилади мурожаатда.