Намунали уйнинг йўли бўлмайдими ёхуд чиқинди уюмлари орасидаги “янги уйлар”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 август куни Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган Тошкент металлургия заводи фаолияти билан танишишга келишини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик.

Тўғри, завод қурилиб, ишга тушгач, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожи учун ижобий таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Лекин, очиғи биз — Зангиота тумани “Хонобод” МФЙда (заводга қарама-қарши жойлашган) қурилган намунали уйларда яшовчи оддий халқ, тўғриси, ўз манфаатларимиз десак қўпол чиқару, яшаш шароитимиз яхшиланишидан умид қилиб, хурсандчилигимиз кўкка етган эди.

Сабаби давлатимиз раҳбари ҳудудларга ташрифи чоғида ўша манзиллар ободонлаштирилишига гувоҳ бўламиз. Бироқ, чучварани хом санаган эканмиз, Президентимиз ва дунёнинг етакчи инвесторларидан иборат делегация ташриф буюриши ҳам бизнинг “намунали” уйлар жойлашган маҳалламиз ободонлаштирилишига сабаб бўлолмади.

Ҳақли савол туғилади: эндигина қуриб, фойдаланишга топширилган уйлар жойлашган маҳалла наҳотки, бўёқ ҳиди қуримасдан ободонлаштиришга муҳтож бўлса?!

Ҳа худди шундай, 2015 йилда фуқаролар билан “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан тузилган шартномаларга биноан намунали уй-жойлар ўз эгаларига шу йили топширилиши керак эди.

Бироқ уйларни топшириш муддати аааааанча кечикиб, қурилиш ташкилотлари кредит маблағларини ўз ҳисоб рақамига тушириб олгач, ишим битди, эшагим сувдан ўтди қабилида иш кўриб, аҳолини югуртиргани ҳам бор гап. Майли, бу бошқа масала.

Бироқ ҳозир биз бошқа масала — минг машаққат ва мурожаатлар билан қабул қилиб олинган уйларнинг кўчалари битмагани, маҳалладаги зим-зиё кўчаларга чироқ ўрнатилмагани, хонадонлардан чиқаётган ахлат учун махсус жой ва қутилар ажратилмагани хусусида айтмоқчимиз.

Биз телеканалларда кўп бора кўрсатилган кўчалари нурафшон, йўллари равон, тоза, озода намунали уй-жойлар фақатгина хўжакўрсингами? Аслида эса биз яшаётган маҳалла кўчалари битмаган, на бирорта чироқ ўрнатилган, на ахлат қутилари.

Ахир ҳар бир хонадондан чиқаётган чиқинди йўл ёқасига, уйлар дарвозаси тўғрисига ташланаверса, ҳали қуриб битирилганига икки ёки уч йил бўлган уйлар ҳам ахлатхона орасида хароб бўлиб кўринмоқда. Ярим чала йўллар эса қорли қировли- лой ёмғирли кунларда аҳолига қийинчилик туғдирмоқда. Одамларнинг замонавий намунали уйлар тўғрисидаги тасаввурларини кундан-кунга ёмонлаштиришига сабаб бўлади.

“Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси билан боғланиб, намунали уй-жойлар жойлашган маҳалла кўчасини қуриб битириш кимнинг зиммасида эканини сўраганимизда, бу қурилиш ташкилоти билан йўл қурилиши ташкилотининг ўзаро шартномасига биноан амалга оширилишини таъкидлади.

Демак, бизларга уй қуриб берган қатор қурувчи ташкилот мутасаддилари хонадонларни бир амаллаб эгаларига топширишгану, бу уйларга элтувчи йўлларни битиришни “ёдидан чиқариб” қўйишган.

Аниқ мисол билан айтадиган бўлсак, 174-уйни айланиб ўтувчи йўл бирданига “узилиб” қолгану, лой кўча бошланиб кетган. Ёки ҳар бир тор кўча ва катта йўлга туташувчи кўчаларнинг бир-бирига уланадиган жойида 5-7 метргача йўл қурувчилар “ёдидан чиқиб қолган”.

Ахир маҳалламизда деярли ёш оилалар истиқомат қилишади. Уларнинг фарзандлари ўйнаши, боғча-мактабга қатнашига маҳалла йўлларининг охирига етмагани ноқулайлик туғдираётганидан ҳамма азият чекмоқда.

Деярли ҳар бир хонадон дарвозаси олдида тўпланган ахлат уюмлари эса зарарли ҳашаротларнинг кўпайишига бу эса айнан шу болаларнинг юқумли касалликлар билан касалланишига сабаб бўлмоқда.

Оммавий ахборот воситалари халқ дардини эшитадиган, ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар билан кўприк вазифасини ўтайдиган бир минбарга айланиб, аҳоли оғирини енгил, мушкулини осон қилишга ёрдам бераётгани сабаб биз ҳам маҳалламиз кўчаларининг битказилиши, чироқлар ўрнатилиши ва ахлат ташлаш учун махсус жойлар ажратилишини сўраб мурожаат этмоқдамиз.

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Хонобод” МФЙ ҳудудидаги намунали уйларда истиқомат қилувчи аҳоли.