Ўзбекистон Республикаси Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти пора олиш ва пора беришда айбланмоқда

Агентлик мансабдорлари Жанубий Кореяга ишга борувчи кишилардан (ҳар бир кишидан 5 минг доллар миқдорида) жами 20 миллион доллар атрофида пул йиғиб олгани айтилганди.

Бу ҳақда 2018 йилнинг 16 ноябрь куни, айни улар қамоққа олинган вақтда маҳаллий ва хорижий ОАВ маълум қилган эди.

“Jahon.uz” интернет нашрининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ишончли манбаси хабарига кўра, қамоққа олинган Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарлари пора олиш ва пора бериш ҳамда Компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланишда айбланди.

Жумладан, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги директори Ибрагимов Равшан Рафаэловичга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси, 211-моддаси ва 278/2-моддаси тартибида дастлабки тергов органи (Бош Прокуратура) томонидан айблов эълон қилинди.

Улуғбек Назаров эса “шов-шувли” равишда ишдан олинишидан кўп вақт ўтмасдан, 2018 йилнинг январида агентлик раҳбарига ўринбосар сифатида қайтган эди. Назаров Улуғбек Боҳодирович ҳам Жиноят кодексининг 210-моддаси билан айбланиб, шунингдек, 243-модда, яъни Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва 278/2-модда 2-қисми яъни Компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш жиноятларни содир қилганликда айбланувчи деб кўрилди.

Агентлик бўлим бошлиғи Абдуллаев Алижон Мамиржонович ҳам Жиноят кодексининг 210-моддаси, 211-моддаси, 243-моддаси, 278/2-моддаси тартибида айбланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Иқтисодий жиноятлар ва коррупция бошқармаси томонидан Шўъба мудири Махсудов Озод Муродовичга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси, 211-моддаси, 278/2-моддаси тартибида тергов ҳаракатлари олиб борилди.

“Jahon.uz” нашрининг қўлга киритган маълумотларига кўра, тергов ҳаракатлари тугалланди ва бу “Жиноят иши” Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборилди ва судья Қличев Ориф юритувига берилди.

Бу иш доирасида журналистик суриштирув ишлари давом этади ва воқеаларнинг кейинги тўлиқ тафсилотлари тез орада маълум қилинади.