Миллий гвардиянинг 116 нафар ҳарбий хизматчиси янги уй соҳиби бўлди

Республикамизнинг Андижон, Навоий ва Тошкент шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг бир қатор ҳарбий хизматчиларига замонавий, шинам ва барча қулайликларга эга бўлган янги барпо этилган кўп қаватли уйлардан хонадонлар тантанали равишда топширилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

Республикамиз бўйлаб турли ҳудудларда кўп қаватли уйлар босқичма-босқич фойдаланишга топширилиб, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш борасида узоқ муддатли имтиёзли Ипотека кредитлари берилишини кўзда тутадиган янгича ёндашувлар жорий этилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Бухоро, Самарқанд вилоятларида хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчиларга шаҳар марказларидан уйлар фойдаланишга топширилди.

Эндиликда ушбу рўйхатга Навоий, Андижон ва Тошкент ҳам қўшилди. Навоий шаҳрида 30 та, Андижон шаҳрида 30 та ва пойтахтимиз Тошкент шаҳрида 56 та хонадон калитлари ўз эгаларига топширилди.

Тантанали маросимларда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзолари ва яқинлари, Республика Олий Мажлис вакиллари, Миллий гвардия қўмондонлиги, ҳокимият, маҳалла ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиб келмоқдалар.

Ҳар бир тадбир ўзгача шукуҳ, тантана билан ташкил этилиб, элимиз суйган санъаткорлар барча йиғилганларнинг шодлигига янада ёрқин таассуротлар ва юқори кайфият улашди.