Фарғона вилояти прокурори томонидан оммавий сайёр қабул ўтказилди

Қабул давомида 120 нафар фуқароларнинг мурожаати тингланди ва 93 та ёзма мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди.

Мурожаатлар асосан, соғлиқни сақлаш, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб қувватлаш ҳамда коммунал масалаларга оид бўлди.

Масалан, “Зарариқ” қишлоғида яшовчи М.Хамражонова иш билан таъминлаш, “Узункўча” кўчасида яшовчи Б.Тожиматова кредит ажратиш, “Дашттегирмон” қишлоғида яшовчи Х.Тешабоева ногиронлик белгилаш, “Гумбаз” қишлоғида яшовчи З.Юсупова даволаниш, “Учариқ” қишлоғида яшовчи Ю.Нишонова моддий ёрдам, “Оқтомир” қишлоғида яшовчи Н.Кўкибоева яшаш уйига кадастр ҳужжати расмийлаштириш, “Қошқайрон” қишлоғида яшовчи Ў.Хакимов бузилишга тушган биноси ўрнига ер ва компенсация тўлаш, “Юқори авазбой” қишлоғида яшовчи А.Мусаев махалла қабристонини ободонлаштириш, “Анҳорбўйи” қишлоғида яшовчи Н.Ахмадалиев мактаб йўлини таъмирлаш, “Қошқайрон” қишлоғида яшовчи Н.Жахонов томорқа ерларини суғориш учун дренаж қудуқларини ишга тушириш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилдилар.

Сайёр қабул жараёнининг ўзида 10 нафардан ортиқ фуқаролар ишга жойлаштирилиши, 15 нафардан ортиқ фуқароларнинг коммунал хўжалик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилиши, 6 нафар фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанишга ётқизилиши, 1 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, 2 нафар фуқароларга моддий ёрдам берилиши таъминланди.

-Бир неча ойдан буён ишга жойлашиш ҳақидаги мурожаатларим ижобий ҳал этилмади. Сайёр қабул давомида туман халқ таълими бўлимига ишга жойлашдим,- дейди “Истиқбол” МФЙда яшовчи С.Рахимова.

-туманнинг “Қошқайрон” махалласидаги мавжуд 2 та қудуқларга ўрнатилган насос ишламаслиги кўплаб аҳолининг экинларини суғоришда қийинчиликни юзага келтирмоқда,- дея мурожаат қилди шу маҳаллада яшовчи Н.Жахонов.
Фуқаронинг мурожаати тааллуқли идоралар вакиллари иштирокида ўрганилиб, чора-тадбир белгиланди.

Сайёр қабулда шу каби кўплаб мурожаатлар кўриб чиқилиб, аксарияти жойида ҳал қилинди. Ечими маълум вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.