Дэвид Бекхэм машина ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум этилди

Англия терма жамоаси собиқ сардори Дэвид Бекхэм суд томонидан олти ойга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Sky News” телеканали хабар берди.

Қарор Бромли тумани суди томонидан бугундан кучга кирган. Агар Бекхэм яна қоида бузса, машина ҳайдашдан уч йилга маҳрум этилиши мумкин.

Олдинроқ, Бекхэм машинада телефондан фойдалангани гумон қилингани ҳақида хабар берилган. Воқеа 2018 йил ноябрда Лондон марказида содир бўлган.

Футболчи “Bentley Bentayga” машинаси рулида телефондан гаплашиб кетаётганини йўловчилардан бири пайқаб қолган.
Кейин Бекхэм айбини тан олиши бўйича судга мактуб йўллаган.

Суд иши ёпиқ режимда кўриб чиқилган.