ҚҚС! Илк чоракнинг “ғалвири” сувдан кўтарилганда, қандай хатолар кўзга ташланди?

Янгиликка мослашиш учун маълум вақт талаб этилади. Шу маънода, умумбелгиланган солиқ тўлаш тартибига ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва корхоналарнинг солиқ ҳисоботларида жузъий хато ва камчиликлар кузатилиши табиий ҳолат.

Уларнинг олдини олиш энг муҳим вазифа саналади. Давлат солиқ қўмитаси кўрсатмасига мувофиқ, Андижон вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан Тезкор ҳаракат гуруҳлари ташкил қилиниб, 2019 йил 1-чорак якуни бўйича солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи ҳисоботи ўрганилди. Қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини тақдим этиш мажбуриятига эга 2168 та корхонанинг 2152 таси дастлабки таҳлиллардан ўтказилганда, 1568 та корхонада мавжуд камчиликлар аниқланиб, ҳолат юзасидан мурожаат хатлари юборилди.

Хўш, илк чоракнинг “ғалвири” сувдан кўтарилганда, қандай хатолар кўзга ташланди?

♦️ “0” ҳисобот тақдим этиш

Яъни, бунда тадбиркорлик субъекти ўзини гўёки ҳеч қандай бизнес ҳаракатни амалга оширмагандай кўрсатишга уринади. Лекин бу каби солиқ тўловчиларнинг фаолиятларини ташқи манбаа дастурий маҳсули маълумотлари ҳамда банк айланмалари ошкор қилиб қўяди.

Масалан, Андижон шаҳридаги “А. Ҳ ” МЧЖ март ойи ҳисоботини айнан шу кўринишда топширган. Аслида-чи? Ташқи манбаадан олинган маълумотлар ушбу жамият 213 миллион сўм банк айланмасини ҳисоботида кўрсатмаганини аниқлаб берди. Бу эса унинг 35 миллион сўм маблағдан зиёд қўшилган қиймат солиғини тўламаганини англатади.

Бундай камчиликка йўл қўйган фақат ушбу жамият эмас, 903 та корхона айнан унинг “иши”ни такрорлаган.

♦️манфий ҳисобот топшириш

Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаган солиқ тўловчиларнинг харидор билан келишган ҳолда товарлар (ишлар, хизматлар)ни қўшилган қиймат солиғи билан реализация қилиши.

Худди шундай хатоликка йўл қўйган 368 та корхона томонидан 77 миллиард сўм манфий ҳисобот тақдим этилган.

♦️иловаларни хато тўлдириш

Корхоналар қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини тўлдириш жараёнида баъзи бир иловаларни “унутиб” қолдиришган.

Буни “Б. М” жамияти мисолида кўриб чиқамиз. Ушбу корхона қўшилган қиймат солиғи ҳисоботини тўлдириш тартибининг 5-иловасида йил бошида 708 миллион сўм реализация қилинганини кўрсатган. Аммо товарларни реализация қилиш оборотининг 1-иловасига шу сумма киритилмаган. Натижада 141 миллион сўм қўшилган қиймат солиғи ҳисобланмай қолган.

– Мурожаат хатини юборишдан мақсад, корхона раҳбарлари ва ҳисобчиларини фақат хато ва камчиликларини кўрсатиб бериш эмас, балки уларни биргаликда бартараф этиш, – дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Акрамжон Очилов. – Тўғри, иш бор жойда хато кузатилади. Шунга мувофиқ, туманлар кесимида ҳар бир қўшилган қиймат солиғи тўловчиси билан алоҳида суҳбатлашиб, ҳисобот топширишда қаерда хатога йўл қўйганликлари мутахассисларимиз томонидан кўрсатилиб, керакли тушунчалар берилди. Солиқ тўловчилар ўз ҳисоботларини тўғрилаб, қайтадан топшириши натижасида бюджетга қўшимча 993 миллион сўм тушишига эришилди. Шунингдек, улар томонидан 15 миллиард 900 миллион сўм асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилди.

Муҳими, ўз вақтида ўтказилган ушбу профилактик тадбир ҳисобчиларнинг билим ва малакасини ошириш билан бир қаторда, уларнинг ҳисоботларни хато ва камчиликсиз топширишига ҳам хизмат қилади. Бу эса Бюджетга ушбу солиқ тури бўйича тушумлар ўз вақтида тушишини таъминлайди.

ДСҚ Матбуот хизмати бу ҳақда «7news.uz» га маълум қилди.