«Давр банк» алданган омонатчиларга пулларни қайтариб бера бошлади

11 май куни эрталаб «Давр банк»нинг Учтепа филиали мижозларига турли вақтларда қабул қилинган, аммо ҳисоб варағига ёзилмаган пулларни қайтариб бера бошлади. Бу ҳақда Nuz.uz нашри хабар берди.

Зарар кўрган омонатчиларнинг сўзларига кўра 9 май куни банк уларга пуллар қайтариб берилиши хабар йўллаган. Марказий банк фуқаролар мурожаатига кўра рўйхат тузган ва уни «Давр» банк бошқарувчисига тақдим этган.

«Яқиндагина биз банк ходимларига паспортимиздан нусха ва банк кассасига қилган тўловимизнинг квитанциясини қолдирдик. Бугун эрталабдан банк биз билан шартнома тузди. Соат 11га яқин бизнинг пулимизни қайтара бошлади», — дейди банк омонатчиларидан бири Саодат Тўрахонова Nuz.uz мухбирига.

Эслатиб ўтамиз, 7 май куни «Давр банк»нинг Учтепа филиали кассири ва кредит бўлими ходими катта миқдордаги суммани ўмаришда гумон қилиниб, қўлга олингани ҳақида хабар тарқалганди. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотида 20 нафардан ортиқ жабрланувчилардан ариза келиб тушгани, алданган омонатчиларнинг сони кундан-кунга ошиб бораётгани айтилди. Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ ФМБ томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди (Фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

1 май куни уларга айблов эълон қилинган ва ўша куннинг ўзида айбланувчиларга нисбатан жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан ҳибсга олиш кўринишидаги эҳтиёт чораси қўллаш ажрими чиқарилган. Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўз навбатида банк бошқарувчиси бу воқеага банкнинг алоқаси йўқлигини ҳамда тергов тугамагунича ҳеч кимнинг пули йўқолиб қолмаслигини, чунки жабр кўрганлар банк мижозлари эмаслигини маълум қилганди.

Банк бошқарувчиси ва ҳуқуқшунос фуқароларга ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилишларини тавсия қилганди.

8 май куни Марказий банк «Давр банк» ХАТБ Учтепа филиали ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича фуқаролардан келиб тушаётган эътирозлар билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берди. Унга кўра, агар «Давр банк» зарар кўрганларга ўз омонатини қайтармаса банк ва унинг раҳбариятига қатъий санкциялар жорий этилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Марказий банк ушбу масалага «Давр банк» ХАТБ раҳбариятининг эътиборсизлиги, шу жумладан, филиал мансабдор шахсларининг фуқароларга қўяётган «жиноят содир этишга уларнинг ўзлари шароит яратган» каби айбловларини ноўрин деб ҳисоблаган ва бу ҳолатлар банк акциядорларидан банк раҳбарларини алмаштиришни талаб қилишга сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этганди.