Қамоққа олинган Саид-Абдулазиз Юсупов қуролланиб юрган

Фирибгарликда айбланаётган Саид-Абдулазиз Юсуповнинг «пистолет» билан қуроллангани аниқланган.

«1982 йилда туғилган Саид-Абдулазиз Юсуповнинг ҳибсга олиниши юзасидан бир нечта ОАВларда пайдо бўлган хабарлар муносабати билан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилганини яна бир бор маълум қиламиз. Тергов ҳаракатлари бошланганидан сўнг гумонланувчига адвокат тайинланган«, — дейилади Бош Прокуратуранинг «7News.uz»га маълум қилган баёнотида.

Аввалроқ, ДХХга бир гуруҳ фуқаролар (жабрланувчиларни ҳимоя қилиш зарурати туфайли уларнинг исми ошкор этилмайди) мурожаат қилиб, Саид-Абдулазиз Юсупов улардан фирибгарлик йўли билан, ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, 65 минг, 28 минг ва 15 минг АҚШ долларини олганини маълум қилган.

2018 йилда Саид-Абдулазиз Юсупов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) бўйича шунга ўхшаш жиноятлар содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Хусусан, ўзини ДХХ ходими сифатида таништирган Саид-Абдулазиз Юсупов фирибгарлик йўли билан жабрланувчи – фуқаро Канязовнинг 240 миллион сўм маблағлари (30 минг доллар) ни ўзлаштиргани суд тартибида исботланган.

Саид-Абдулазиз Юсупов ўз суҳбатдошлари, хусусан журналистларни ўзининг ДХХ «опери» эканлигига ишонтириш мақсадида «Макаров тўппончаси табел қуроли»ни (Юсуповнинг кабинетини тинтув қилиш пайтида ташқи кўринишидан Макаров тўппончасига ўхшаш Байкал газли тўппончаси процессуал тартибда мусодара қилинган) ёнида олиб юрган.