SSJ-100 самолётида ёнғинни бартараф этишда қутқарувчилар хатога йўл қўйган

Sukhoi Superjet 100 (SSJ-100) самолётининг ҳалокатга учраши юзасидан ташкил этилган тергов гуруҳи Шереметьево халқаро аэропорти қутқарув бўлинмасининг ушбу вазиятдаги ҳаракатларини текширувдан ўтказди. Бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбага асосланиб, “Лента.ру“ хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, авиаҳалокатни ўрганиш бўйича экспертлар олдига 50дан ортиқ вазият бўйича саволларга жавоб топиши масаласи қўйилган. Шулардан бири, қутқарувчиларнинг ҳалокат чоғидаги ҳаракати ва уларнинг халқаро талабларга мувофиқ фаолият олиб бориши билан боғлиқ.
“Айни пайтда Шереметьево халқаро аэропорти Парвозларни назорат қилиш бошқармаси масъуллари “ҳалокат сигнали“ни самолёт аэропортга қўнганидан 80 сония ўтгач эълон қилгани ойдинлашди. Ваҳоланки, халқаро меъёрларга кўра, бундай чоралар самолётда носозлик юз берганлиги ҳақида хабар олинган пайтда, аэропортга қўнишни амалга оширмасдан олдин кўрилиши керак эди“, дейилади манба хабарида.
Шунингдек, тергов гуруҳи, ёнаётган SSJ-100 самолётига биринчи ёрдам кўрсатиш учун етиб келган қутқарув техникалари учиш-қўниш йўлаклари бўйлаб жойлашган пунктлардан эмас, балки депо ташқарисидан жалб қилинганини маълум қилди.
Бундан ташқари қоидага кўра, ёнғинни бартараф этиш учун зарур 6 та техника воситаси жалб қилиниши керак бўлган. Аммо аэропорт масъуллари ушбу вазиятда дастлабки олти дақиқа мобайнида фақат 2 та ёнғинни бартараф этиш техникасининг ушбу ҳалокатни бартараф этиш жараёнига жалб қилган.
Эслатиб ўтамиз, SSJ-100 билан боғлиқ авиаҳалокат Шереметьево халқаро аэропортида 5 май куни содир бўлганди. Бунинг оқибатида 41 киши ҳалок бўлган.