Тошкент вилояти ҳокимлигининг собиқ биноси Маънавият ва маърифат марказига бепул берилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида  Ўзбекистон Республикаси президентининг “Маънавий-маърифий  ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги 2017 йилнинг 28 июлдаги ПҚ-3160-сон ҳамда “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4307-сонли қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадидаги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси 17-уй манзилида жойлашган Тошкент вилояти ҳокимлигининг собиқ биноси, иншоот ва жойлашган ҳудуди билан Республика Маънавият ва маърифат марказига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул ўтказилиши тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси объектни белгиланган тартибда Республика Маънавият ва маърифат марказига топширади, Республика Маънавият ва маърифат маркази ушбу объектни қабул қилиб олади ва ундан самарали фойдаланишни таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича:

Республика Маънавият ва маърифат марказининг бинога кўчиб ўтиши жорий йилнинг май-июнь ойлари давомида амалга оширилади;

Республика Маънавият ва маърифат марказига берилган бино ва иншоотларда “Тафаккур” ва “Маънавий ҳаёт” журналлари таҳририяти, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасаси текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги объектда Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида зарур маблағлар ажратилишини назарда тутади.