Тошкент шаҳар ИИББ «Трамадол» бўйича эслатма билан чиқди

11 май куни соат 11:00да Чилонзор туманида “Тошкент” савдо марказида ишловчи самарқандлик 31 ёшли Ф.Г. тақиқланган дори воситаларни сақлашда гумонланди, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар ИИББ.

Холислар иштирокидаги текширувда ундан 1 конвалюта (10 таблетка) “Трамадол” топилди. Шундан сўнг у ишлайдиган дўкон текширилганда, унинг устки кийимининг чўнтагидан яна 217 та “Трамадол” таблеткалари топилди.

Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

“Ҳурматли фуқаролар! Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 22 октябридан   бошлаб гиёҳвандлик воситаларининг аналогларини ноқонуний тайёрлаш, харид қилиш, сақлаш, сотиш ва бошқа ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликка жалб қилинади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида савдоси тақиқланган наркотик воситалари рўйхатига Трамадол киритилди.

Трамадол инсон психикасига бошқа наркотик каби кучли таъсир ўтказиб, унга ўрганиб қолиш мумкин. Уни таъсир кучи бўйича морфин билан солиштириш мумкин. Бир марта истеъмол қилинганда эйфория уйғотиши мумкин, мунтазам равишда истеъмол қилинганда ўрганиб қолиш мумкин.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Қонун билан келишмовчилик келиб чиқмаслиги учун дори воситаларини дорихоналардан бошқа жойларда харид қилманг. Ёдингизда бўлсин: врач кўрсатмасисиз эркин савдода чекланган дори воситалари рўйхатига кирувчи дори воситаларини харид қилиш, қонунга хилоф иш қилиш демакдир”, – дейилади ИИББ хабарида.