Футбол! Ўзбекистон ИИВ жамоаси ва Президент хавфсизлиги хизмати терма жамоаси финалда учрашди

Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизмат қилаётган ходимларнинг жанговар тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг жисмоний чиниқишлари учун барча шароитлар яратилган. Айниқса, спортнинг турли йўналишлари бўйича ўтказилаётган мусобақалар ҳам шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси “Динамо” жисмоний тарбия спорт жамияти Кенгаши томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида 28-Спартакиада дастурига киритилган футбол мусобақаси жамиятнинг Тошкент вилояти стадионида бўлиб ўтди. Унда 13 жамоа иштирок этди. Ўйинлар 3 та гуруҳда ўтказилиб, саралаш босқичлари, ярим финал ва финалдан иборат бўлди.

Қизғин ўтказилган мусобақа финалида Ўзбекистон Республикаси ИИВ марказий аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Давлат Президенти хавфсизлиги хизмати терма жамоалари беллашдилар. Ҳисоб 4:0 билан якунланиб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ марказий аппарати терма жамоаси фойдасига ҳал бўлди ва 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Давлат Президенти хавфсизлиги хизмати терма жамоасига эса 2-ўрин насиб этди. 3-ўринга ўтказилган ўйинда, Тошкент шаҳар ИИББ терма жамоаси Тошкент вилояти ИИБ терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Тошкент шаҳар ИИББ терма жамоаси 3-ўринна қўлга киритди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси бу ҳақда хабар қилди.