Акбар Жўраев ҳам жаҳон чемпионатининг 3 та олтин медалига сазовор бўлди

Фижининг Сува шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати ўз якунига етиб бормоқда. Бугун мусобақанинг еттинчи кун дастурида терма жамоамизнинг умидли вакилларидан бири Акбар Жўраев ўз иштирокини якунлади.

-109 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Жўраев даст кўтаришда 182 кг, силтаб кўтаришда 216 кг ва икки кураш бўйича 398 кг натижа қайд этди. Мусобақада иштирок этган спортчилар орасида ҳеч бир атлет ҳамюртимизнинг натижасига яқинлаша олмади ва полвонимиз жаҳон чемпионатининг 3 та олтин медалига сазовор бўлди.

Ёшлар ўртасида ЖЧ. Фижи, Сува. 
Эркаклар, -109 кг.
1. Акбар Жўраев (Ўзбекистон) – 398 кг (182 кг + 216 кг)
2. Сангун Хван (Жанубий Корея) – 384 кг (174 кг + 210 кг)
3. Даниил Вагаицев (Россия) – 381 кг (175 кг + 206 кг)

Таъкидлаш жоиз, бу терма жамоамизнинг мусобақадаги иккинчи муваффақиятидир. Куни кеча -67 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Адҳамжон Эргашев ҳам ўз вазн тоифасида жаҳонда тенгсиз эканлигини намойиш этган эди. Шунингдек, ҳамюртларимиз бу ғалабалари билан Токио Олимпиадасига ҳам қимматли рейтинг очколарини қўлга киритишди. Акбар Жўраев ўтган йили Тошкентда ўтган ёшлар ўртасидаги ЖЧда кумуш медаль билан чекланган эди. Бу йил эса ушбу натижани ортиғи билан яхшилади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамюртимизнинг ушбу ғалабаси билан Акбар Жўраевнинг ота-онаси, устозлари ва барча мухлисларимизни муборакбод этиб қолади. Ғалаба муборак, азизлар!