Исроил Мадримов АҚШдаги машҳур “Мэдисон Сквер Гарден” аренасида рақибни нокаут қилди

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги муҳташам “Мэдисон Сквер Гарден” аренасида бўлиб ўтган ва 10 раундга мўлжалланган ушбу жангда ҳамюртимизга мексикалик Норберто Гонсалес рақиблик қилди.

Гонсалес профессионал фаолиятида 23 та жанг ўтказиб, 13 тасида муддатидан аввал ғалаба қозонган эди.

Эътиборли томони, мексикалик 38 ёшли боксчи 9 кунгина муқаддам 8 раундлик жангда иштирок этган бўлишига қарамай, Нью-Йорк штати атлетик қўмитаси унга қисқа фурсатда яна рингга кўтарилишга рухсат берди. Бу ҳолат Гонсалесга фойда келтирмади ва тўқнашув тўлиқ Мадримовнинг устунлиги остида ўтди.

Олтинчи раундда Гонсалес нокдаунга учради, такрорий зарбалар беришга уринган Мадримовни эса ҳакам тўхтатиб қолди ва техник нокаут эълон қилди.

Шу тариқа Исроил профессионал боксда учинчи жангини ҳам муддатидан аввал ғалаба билан якунлади.