Тошкентдаги оммавий муштлашувда қатнашганларнинг қасддан одам ўлдиришни мақсад қилгани маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси Матбуот хизматининг хабар беришича, Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Б.К. ва К.К.ларга (1992 й.т.) нисбатан жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жумладан, улар 05.06.2019 йил соат 19:50да Миробод тумани, Фарғона Йўли кўчасида жойлашган “ОСИЁ БУРГЕР” овқатланиш шоҳобчасининг тураргоҳида бўлиб, И.Ж. (1991 й.т.) билан муқаддам бўлган ўзаро келишмовчилик оқибатида, Б.К. ўзининг бошқарувидаги “НЕКСИЯ-3” русумли автомашинада И.Ж.ни қасддан уриб юборган, сўнг К.К. ўзи билан олиб келган пичоқ билан И.Ж.ни қасддан ўлдиришни ўзига мақсад қилиб, безорилик оқибатида танасининг турли жойларига бир неча маротаба жароҳатларни етказиб, воқеа жойидан яширинганлар.

07.06.2019 йил Б.К. ва К.К.лар жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган ва тегишли процессуал тартибда ушланганлар.

08.06.2019 йил Б.К. ва К.К.лар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми “л” банди билан айблов эълон қилинган ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ушбу жиноятга алоқаси бўлган ва бевосита қатнашган бошқа шахслар тергов-тезкор йўли билан текширилмоқда.

Жиноят иши бўйича тегишли экспертизалари тайинланган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.