Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегараси демаркацияси бўйича музокаралар бўлиб ўтди

Аввал эришилган келишувларга мувофиқ, жорий йилнинг 10-14 июнь кунлари Жиззах шаҳрида Ўзбекистон – Қозоғистон қўшма демаркация комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашувда давлатлараро чегара демаркацияси бўйича якуний ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишлар давом эттирилди ҳамда Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегараси участкасида дала демаркация ишлари бажарилиши юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида делегация раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Ергеодезкадастр давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Тўлқин Абдуллаев ва Қозоғистон Республикаси ТИВнинг махсус топшириқлар бўйича элчиси Зулфия Аманжолова тегишли Баённомани имзоладилар.

Учрашув анъанавий дўстлик муҳитида ўтди.