Ўзбекистонда Блогерлик фаолиятини Бош Прокуратура ўз ҳимоясига олди

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутасаддилари иштирокида «2019 йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида прокуратура органлари фаолияти» мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда журналистлар томонидан cолиқ органлари томонидан блогер Ашурбоев Азизбек Абдукаримовичнинг телефони ҳамда унинг «Инстаграм» ижтимоий тармоғидаги саҳифаси олиб қўйилганлиги ҳолати юзасидан ҳам савол берилди.

Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев мазкур масала юзасидан фикр билдириб, ушбу ҳолат Бош прокуратуранинг алоҳида назоратига олинганлиги, бугунги кунда Департамент томонидан давлат идоралари ходимларининг блогер А.Ашурбоевга нисбатан содир этган хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида терговга қадар текширув тайинланганлиги ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев бугунги Халқаро блогерлар куни муносабати билан юртимизда фаолият олиб бораётган барча блогерларни мазкур сана муносабати билан табриклади.

Шу ўринда Бош прокуратура Ўзбекистон блогерларини доимо қўллаб-қувватлаши ва уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини маълум қилади.