Ўзбекистонда бирорта боғча ва мактаби бўлмаган маҳалла борлиги маълум бўлди

Адлия вазирлигининг Вилоятдаги Адлия бошқармаси маҳалла ҳудудида бирорта таълим муассасаси ёки болалар боғчасининг мавжуд эмаслиги маълум қилди.

Навоий вилоят Адлия бошқармаси томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги “Ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун сайёр қабул ташкил этилди.

Дарҳақиқат, мазкур маҳалла фуқароларини ҳам йиллар мобайнида айрим кундалик ҳаётий муаммолар қийнаб келаётган эди. Айниқса, маҳалла ҳудудида бирорта таълим муассасаси ёки болалар боғчасининг мавжуд эмаслигини кўпчилик муаммоси деб ҳисоблаш мумкин.

Сайёр қабулда фуқаролардан 26 та оғзаки мурожаатлар қабул қилиниб, 11 та мурожаат жараённинг ўзида ҳал этилди. 19 та мурожаат бўйича тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Жумладан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятни бошлаш учун кредит ажратиш, оилавий ётоқхоналардан хона ажратиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди. Маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож Комронжоннинг суннат тўйини ўтказиб бериш бўйича мурожаат ҳам қабул жараёнида қаноатлантирилди. Болакайнинг онасини тез кунда ишга жойлаштириш масаласи Навоий шаҳар ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси томонидан назоратга олинди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигиннг маълум қилишича, шунингдек, маҳалладаги ҳолат уйма-уй ўрганилиб, аҳоли ўртасида боқимандалик кайфиятини бартараф этиш мақсадида фуқароларга тадбиркорлик, томорқа маданияти, ободончиликка оид таклиф ва тавсиялар берилди.

Мухтасар айтганда, айрим қўни-қўшнилар ўртасида юзага келган мулкий муаммоларга қонуний ечим топилиб, зиддиятлар бартараф этилди. Ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди.