Қозоғистондаги фавқулодда ҳодиса: бир киши ҳалок бўлди, жабрланганлар сони ошмоқда

Бугун, 24 июнь куни Қозоғистон Республикаси Туркистон вилоятининг Арис аҳоли пункти яқинида жойлашган ҳарбий қисм ўқ-дорилар омборхонасида портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев баёнотига кўра, ҳодисада бир киши ҳалок бўлган.

Аввалроқ, Туркистон вилояти акими маслаҳатчиси Сакен Калкаманов Арисдаги ҳодисада енгил ва ўрта даражада жароҳат олган 16 киши шифохонага етказилгани, уларнинг бир нафари ҳарбий эканлигини маълум қилган эди. Ҳудуд расмийларининг сўнгги маълумотларига кўра, жабрланганлар сони 31 кишига етган.

ЎзАнинг расман маълум қилишича, айни вақтда Арис аҳолисини Чимкентга эвакуация қилиш ишлари давом этмоқда. Воқеа жойида тегишли хизматлар ходимлари, ҳарбийлар, ўт ўчириш машиналари иш олиб бормоқда. Ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Маълумот ўрнида, Арис шаҳрида 40 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.