Ўзбекистонда оллоҳдан, етим-есирнинг ҳаққидан қўрқмайдиган масжид бош имом-хатиби ва масжид мутавалласи жиноят устида қўлга олинди!

Фото: "7news.uz"

Тошкент яқинида Бош имом-хатиб ва масжид мутавалласи ўзаро жиноий тил бириктириб, эҳсон қутисидаги пулларни ўзлаштириш билан шуғулланиб келишгани аниқланди.

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар “Тўй-тепа” нодавлат-нотижорат ташкилоти Бош имом-хатиби Жобир Турғунов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва “Тўй-тепа” жоме масжиди мутаваллиси Носир Ғуломовнинг ўзаро жиноий тил бириктириб, сохта расмий ҳужжатлар тузишади.

Улар жоме масжиди ҳайъат аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилмаган бўлса-да, уни ўтказилди, йиғилишда Н.Ғуломов масжид мутаваллиси бўлиб қайта сайланди, деб сохта баённома расмийлаштиришади. Хуллас, аслида бўлмаган йиғилишда гўёки мутаваллини қайта сайлаб олишади.

Бир мақсад йўлида бирлашган имом-хатиб ва мутавалли масжид ҳудудидаги иккита эҳсон қутиси ёнига яна тўртта қўшиб, олтита қилишади. Аммо қўшилган эҳсон қутилари бўйича ҳеч қаерга ҳисобот беришмайди. Ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолаверади. Вақти-вақти билан эса Нурафшон шаҳар давлат солиқ инспекциясига масжидда фақатгина иккита эҳсон қутиси борлиги ҳақида сохта маълумотнома тақдим этиб туришади.

Савобталаб инсонларнинг эҳсонлари имом-хатиб ва мутаваллига буюрмади. Ж.Турғунов мутаваллига ҳисобга олинмаган эҳсон қутисидаги пулларни вақф фондига топширмасликка кўр­сатма беради. Аниқланишича, икковлон дастлаб ушбу эҳсон қутиларига тушган қарийб 22 миллион сўм пулнинг 5 миллион сўм­дан ортиғини масжид учун ишлатиб, қолганини растрата йўли билан талон-тарож қилишади.

“7news.uz”га юборилган ва бизнинг ихтиёримизида бўлган ҳужжатларда, Департаментнинг Нурафшон шаҳар бўлим ва солиқ инспекцияси ҳамкорлигида шаҳар жоме масжидида ўтказилган текширишда имом-хатиб хизмат хонасидаги сейфдан вақтида вақф фондига топширилмаган 13 миллион сўмдан зиёд, рўйхатдан ўтказилмаган 4 дона эҳсон қутисидан эса 800 минг сўмдан ортиқ пуллар ашёвий далил сифатида олинган. Суриштирув жараёнида Ж.Тур­ғунов ва Н.Ғуломов ўзаро жиноий тил бириктириб, жоме масжидига эҳсон қилинган 37 миллион 730 минг сўм пулни талон-тарож қилганликлари маълум бўлди.

Департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси катта инспектори Гулчеҳра Раззоқованинг маълум қилишича, Ж.Турғунов ва Н.Ғуломовнинг жиноий хатти-ҳаракатларига жиноят ишлари бўйича Нурафшон шаҳар суди томонидан ҳуқуқий баҳо берилиб, уларга тегишли жазо тайинланди.