Сурхондарёда нима гаплар? «Дамас»чилар нимадан норози?

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида шаҳар ичида йўловчилар ташиш билан шуғулланиб келган «Дамас» русумли автомашиналар ҳайдовчиларининг норозилиги акс этган хабарлар юзасидан ўз суриштирув ишларини олиб борди.

«Аниқланишича, Термиз шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 июндаги «Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қ-1773-сонли қарори билан вилоят ИИОФМБ ЙХҲБга шаҳар ичида ҳаракатланаётган йўналишли такси («DAMAS»)лар ҳаракатини 2019 йил 1 июлдан тўхтатиш бўйича амалий ишларни ташкил этиш кўрсатмаси берилган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида»ги 482-сон қарори билан тасдиқланган «Автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидалари» 2-бандига кўра, автомобиль транспортида йўловчилар ва багажларни ташиш тегишли лицензия, тендер натижалари бўйича белгиланган тартибда тузилган мунтазам йўналишларда йўловчилар транспортида хизматлар кўрсатиш юзасидан тузилган шартномалар (контракт) мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

Термиз шаҳар ҳокимлиги шаҳар ичида ҳаракатланаётган йўналишли таксилар («DAMAS») ҳаракатини 2019 йил 1 июлдан тўхтатиш бўйича кўрсатмаси акс эттирилган қарори билан Ўзбекистон Республикаси «Рақобат тўғрисида»ги Қонуни 12-моддаси тўртинчи ва олтинчи хатбошилари ва Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарори талабларини бузилишига олиб келган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан Термиз шаҳар ҳокимининг рақобатни чеклайдиган ҳужжатлари ҳамда ҳаракатларига баҳо бериш юзасидан тегишли иш юритувга олинди.

Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича қўшимча равишда маълум қилинади», дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабарида.