ДХХ Фарғонада наркодилерни қўлга туширди

Фото: "Jahon.uz"

Фарғонада ДХХ вилоят бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тадбирда 1 килограм гиёҳвандлик моддасини Қирғизистон Республикасидан юртимизга олиб ўтган наркодилерлар қўлга олинди.

Мамлакатимиз хавфсизлигини, сарҳадларимизнинг мустаҳкам ҳимоясини таъминлаш борасида юрт посбонларини хизмати беқиёс. Улар томонидан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга чек қўйилмоқда. Хусусан, юртимизга гиёҳванд моддаларни контрабанда йўли билан кириб келиши ва транзитининг олдини олиш борасида тезкор тадбирлар ўтказилмоқда.

Аниқланишича, қирғизистонлик Маъруп ва Муҳаммад Тўйчиевлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қаюмжон Юсупов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, келишув тузган. Унга кўра, улар Қирғизистондан гашиш гиёҳвандлик воситаси топиш, божхона назоратидан четлаб гиёҳвандлик воситасини Ўзбекистон Республикасига ўтказиш, Қ.Юсупов эса контрабанда қилинган гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун пул билан таъминлаш ва харидор топиб сотиш мажбуриятини олган.

М.Тўйчиев 1 килограмм гашиш гиёҳвандлик воситасини олиб, Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаларининг нейтрал ҳудудида яшовчи, киракашлик билан шуғулланувчи қўшниси Ўзбекистон Республикаси фуқароси Р.Садбаровни алдаб, икки қоп картошкаси борлигини, ушбу қопдаги картошкаларни Фарғона шаҳридаги вақтинча яшаш уйига олиб бориб беришини илтимос қилган. Р.Садбаров унинг таклифига рози бўлган, М.Тўйчиев гиёҳвандлик воситасини контрабанда қилиш мақсадида картошка солинган қопга 934 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини қўшнисига билдирмасдан яшириб жойлаштирган. Картошка солинган қоплар Фарғона тумани Водил қишлоғидаги нейтрал ҳудуддан Фарғона шаҳар Гулшан кўчасидаги уйга олиб келиб берилган.

Қ.Юсуповга бундан хабар топиб, контрабанда йўли билан Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган 934 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасидан 930 грамм қисмини 1 килограм ҳисобида 5 минг 500 АҚШ долларига сотиб олган. “Дамас“ русумли автомашинасини бошқариб, Фарғона шаҳар кичик ҳалқа йулининг Саноат кўчаси билан кесишган чорраҳасида шубҳали ҳаракатланаётган вақтда муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тўхтатилганида, у қочишга ҳаракат қилиб, ёнидаги гашиш гиёҳвандлик воситасини унинг жиноятидан хабари бўлмаган автомашинада йўловчи сифатида кетаётган синглиси Д. Қўзибоевага бериб қўйган. Терговга қадар текширув давомида Д.Қўзибоева шахсий тинтув қилинганида унинг қорин қисмига боғланган ҳолда 930 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилган. М.Тўйчиев вақтинча яшаш манзили олдида ушланган ва уни шахсий тинтув қилинганида унинг ёнидан 4 грамм гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилган.

Фарғона вилояти ИИБ ЭКБнинг хулосасига кўра, Д.Қўзибоевадан олинган Қ.Юсуповга тегишли модда таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, ушбу модда “гашиш” деб аталиши, соф вазни 930 граммга тенглиги аниқланган. Шунингдек, Қирғиз Республикаси фуқароси М.Тўйчиевдан олинган 4 грамм модда ҳам айнан гашиш эканлиги аниқланди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми билан М. Тўйчиевга 10 йили 6 ой, Қ. Юсуповга эса 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бу гиёҳванд модда қанчалаб одамларнинг умрига зомин бўлиши мумкин эди. Юртимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари доимо сергак ва ҳушёр бўлиб, қабиҳ ниятни кўзлаган мана шундай кимсаларга қарши кескин кураш олиб бормоқда.