Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторининг погони юлиб олиниб, ўзи калтакланди

Жорий йилнинг 7 июль куни соат 18:30 лар атрофида Жиззах вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори О.Қ. хизмат вазифасини бажариб, қоидабузарга маъмурий баённома расмийлаштираётган вақтда фуқаро С.Н. (1988 йил туғилган) келиб, уларни турли сўзлар билан ҳақорат қилган. Инспекторлар уни тинчлантирмоқчи бўлганида, қаршилик кўрсатиб, О.Қ.нинг погонини юлиб олиб, уриб, бўйин соҳаси ва чап елка соҳасига тан жароҳати етказган.

ЎзАнинг хабарига кўра, Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан С.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.