Сурхондарёда чақалоғини ҳожатга ташлаб кетган аёлнинг номусига қариндоши текканлиги аниқланди

2019 йил 2 июль куни  фуқаро Ф.Т. Сурхондарё вилояти  Денов туманида бозор ҳудудида жойлашган аёллар ҳожатхонасида қиз бола чақалоқни туғиб, ҳожатхона ичига ташлаб кетгани маълум бўлганди. Ундан кейин ҳожатхонага кирган аёл чақалоқ йиғисини эшитиб, одамларни ёрдамга чақирган. Натижада чақалоқ қутқариб қолиниб, шифохонага жойлаштирилган.

Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати ушбу воқеа юзасидан янги маълумотларни маълум қилди.

Унга кўра, боласини ташлаб кетган аёл оилада 6 фарзанд – 2 нафар ўғил, 4 нафар қиз улғаймоқда. Ф.Т.нинг маълумоти ўрта-махсус, отаси ишлашга рухсат бермаганлиги учун уйида тикувчилик билан шуғулланиб келган. Унинг номусига амакисининг ўғли, 1990 йилда туғилган А.Т. теккан.

Бола туғилганини онаси ва ўзидан бошқа ҳеч ким билмаган. Отаси ва ака-укасидан қўрққанидан, қариндош-уруғ, қўни-қўшнидан уялганидан онаси билан келишган ҳолда болани йўқ қилиш учун шу йўлни топган. Бола  ҳожатхона янги тозаланганлиги ва орқа томони билан тушганлиги сабабли ва ўз вақтида топилиб, тиббий ёрдам кўрсатилганлиги учун тирик қолган, ҳозирда саломатлиги яхши.