Хоразмда уйи бузилган аҳоли норози бўлиб кўчага чиқди. Вилоят ҳокими улар билан учрашди

Урганч шаҳридаги “Ашхобод” маҳалласида яшовчи аҳолига Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғидан ер ўрни ажратиб берилган эди аммо хонадон эгаларининг баъзиларига компенсация пули тўланмаган эди, дея хабар бермоқда вилоят матбуот хизмати.

Кеча Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғида одамлар норозилиги сабаб соат тахминан 21:00да Урганч – Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсишгани ва шу сабаб бир неча соат давомида катта қатнов йўлидан автомобиллар ҳаракати тўхтаб қолгани тўғрисида хабар тарқалди. Бундан хабар топган вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов воқеа жойига етиб бориб норози аҳоли билан мулоқотга киришди. Аҳолини тинчлантириб, 27 июль куни эрталаб соат 8-00да шу жойнинг ўзида ишчи гуруҳини тузиб, аҳоли вакиллари билан музокара ўтказиб, муаммоларнинг ечимини топишга ваъда берганидан сўнг одамлар тинчланиб,тарқала бошлади.

Бугун эрталабдан вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ аҳолига билан учрашиш мақсадида ташриф буюришди. Ҳозирда вилоят ҳокими ҳар бир хонадон эгаси билан шахсан ўзи учрашиб уларнинг талаб ва истакларини эшитиб шу юзадан амалий чора кўрмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳомиладор аёлларга қўшимча шароит ҳамда ер ажратиб бермоқда.

«Халқ сўзи» нашри хабарига кўра, аҳолига текинга қум етказиб берилмоқда ва қурилиш молларини бозор нархидан хам 10 фоиз чегирма билан етказиб беришни шахсан ўз назоратига олди.