«Зўравонлик сиёсатидан фойда бўлганида 30 йилда зўр бўлиб кетган бўлар эдик» — Мирзиёев «снос»лардаги зўравонликлар ҳақида

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Мазкур видеоселекторда президент сўнгги кунларда Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида бузиш масалалари билан боғлиқ шов-шувли воқеаларга ўз муносабатини билдириб ўтган.

«Менинг сиёсатимга энг катта душманлик қилганлардан бири — Хоразм вилояти ҳокими жаноб Эрманов. Эрмановга интернетдаги изоҳлардан сенга ва сенга ўхшаган ноинсофларингга «табрик» жўнатаман.

Урганч шаҳар ҳокими [Шуҳрат Абдуллаев]ни жиноий жавобгарликка тортамиз, десам, адвокат бўлиб, бош вазиримизга илтимос қилдинг. Мана, сенинг менга қилган «дўстлигинг». Сен ва менинг сиёсатим тўғрисидаги бугун чиққан изоҳларни ўқи.

Сен ноинсоф менга дўст бўлсанг, бузиш қўлингдан келмас экан, нима қиласан у ерни бузиб? Мана, изоҳларни ўқи. Бош вазир борганидан сўнг одамлар нима деб ёзаяпти? Сенинг суратинг йўқ бу ерда. Бош вазирники турибди ва президентнинг сиёсатига лаънат айтишяпти.

Атрофингда ўтирган одамларинг билан мана менга қилган душманликларинг. Бузишдан олдин калланг билан ўйлаб кўрмайсанми, бузгандан фойда борми ёки йўқ? У ноинсофларга шунча пул бердик 30-50 миллиардлаб, нима қиласан у пулни? Катта холангнинг пулими у молия вазирлигининг пули? Ё Ўзбекистонга ўтказиб қўйган жойинг борми?

Бировни ишдан олиш, жиноий жавобгарликка тортиш керак бўлса дарров адвокатга айланасизлар.

Буларни ўқиб мен қандай кабинетимда тинч ўтира оламан?» — деган президент Ш.Мирзиёев.

«Яккабоғ воқеалари»га тўхталиб ўтган президент Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиевга ҳам танбеҳ берган:

«Қашқадарёнинг валломати бор, Рўзиев деган, 5 йил қишлоқ хўжалиги вазири бўлиб ишлаган ноинсоф. ДХХ раҳбари борганидан сўнг чиққан изоҳларни ўқи. Битта жиннинг қариндоши билан жанжал қилиб, менинг сиёсатимни бутун дунёга шарманда қилди. Ўзимни туманим, у қиламан, бу қиламан, дейсан. Битта тузукроқ кадринг йўқ, яна Деҳқонободга тирмашасан. Мана, сенинг менга қилган «дўстлигинг». Ўзбекистондаги ҳозирги ошкоралик, шаффофликни таъминлай, деб кечаю-кундуз юритаётган сиёсатимга атрофингдагилар билан қилган «дўстлигинг».

Қўлингдан келмас экан, нима қиласан бир одамнинг туппа-тузук турган уйини бузиб? Сен хулоса қил, уйингни биров келиб бузса [нима қиласан]?

Ноинсофлар, мен сизларнинг қай бирингга бузгин, деб топшириқ бердим? Мен сизларга аввало одамларни рози қилиб, кейин жаноб Зокиров деган вазир билан ўтириб, лойиҳа қилиб, бош вазирга ҳисобот бериб, кейин қилинглар, деб топшириқ берганман.

Мана, сенинг «дўстлигинг», жаноб Рўзиев! Ўзингни ўша туманга ҳоким қилиб юбораман, айтиб қўяй!» — дея Яккабоғда бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдирган президент.

Фарғона вилояти Риштон туманида амалга оширилган кенг қамровли бузилиш ишларига тўхталар экан, президент шундай деган:

«Мана, интернет фойдаланувчиларининг Риштон туманидаги кўчмас мулк бузилишларига нисбатан изоҳлари. Мен сизларга тайёр пул бераяпман, пулни «Обод қишлоқ» қилинглар, деб бераяпман. Мана, сенинг менга «дўстлигинг», Ғаниев деган валломат!

Мана, одамлар изоҳларда йиғлаяпти, сенинг расминг йўқ, президентнинг расми бор. Сен ноинсоф бориб, Эрмановга ўхшаб аҳмоқларча «буза, буз» дейсан. Бузишдан аввал сен ўз бошингни буз. Мен сени шунинг учун тарбия қилиб юрувдимми? Қош қўяман деб кўз чиқариб, бутун Ўзбекистонни [шарманда қилаяпсизлар].

Болалар меҳнати бор эди, энди у йўқ бўлди, энди бутун интернет президент топшириқ берган, бузиш, одамларни норизо қилиш билан тўлиб тошди.

Эй ноинсоф, Риштон бўйича ҳам сенга пул бериб айтдимки, Риштонни янгилаш керак, бироқ одамларни рози қилиб қилиш керак, деб. Жаноб Ғаниев, тажрибали ҳоким! Майли, Эрманов кеча келган ҳоким, Рўзиев иккаланг хиёнатчисан! Сизлар билан катта-катта ишларни амалга ошира оламизми? Ҳеч қачон ошира олмаймиз! Чунки сизларга бир топшириқ беришга одам қўрқади! Нега десангиз, савиянг йўқ, билиминг йўқ, китоб ҳам ўқимайсан, президентнинг қарорини ҳам», — деган президент.

Мирзиёев эътирозли вазиятларни келтириб чиқарган вилоят раҳбарларига қандай чоралар кўрилишини ҳам айтиб ўтган.

«Шуларнинг ҳаммасини инобатга олиб, бош вазир [бу вилоятларда] тўртта секторнинг ишини ўрганиб, уларнинг масъулияти ва жавобгарлиги бўйича менга қарор таклиф қилади. Тўртта сектор ишламаяпти.

Иккинчидан, масъулият ва жавобгарликни ҳис қилиш йўқ.

Учинчидан, мен [президентлигимнинг] биринчи кунидан такрорлаб келмоқдаман: одамларни бугун рози қилайдик, деб. Сизлар рози қилиш уёқда турсин, қилган ишинг одамларда норозилик уйғотиш бўлмоқда.

Сизларга ўхшаган ноинсофлар билан ишлаганим учун Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилаяпсизлар. Эрманов, Ғаниев, Рўзиев ва шунга ўхшаган одамлар.

Агар миқдорини олсак, икки ярим йилда тадбиркорлик учун ажратган пулимиз 30 йилда берилмаган. Бунинг натижаси иқтисодиётда, одамларнинг кайфиятида, ялпи ишлаб чиқаришда акс этиши керак. Ажратган кредитларимизнинг 60 фоизи ҳали иқтисодиётда ўзининг ижобий таъсирини кўрсата олгани йўқ, жаноб [Молия вазири — Жамшид] Қўчқоров. Бу қип-қизил сенинг айбинг!

Бу масалалар ҳали тинчигани йўқ. Шунинг учун Арипов ва Низомиддиновга топшириқ: қайси вилоят ҳокимини ишдан олиш бўйича таклиф берасизлар.

Мен яна бир марта такрорлайман: бундай зўравонлик сиёсати билан биз узоққа бора олмаймиз. Агар зўравонлик сиёсати фойдали бўлганида 30 йилда зўр бўлиб кетган бўлар эдик.

Эрмановнинг қилган қилиғи, Рўзиевнинг қилган хиёнати — бу маданиятсизлик.

Энди учови Интернет орқали мурожаат қилсин, Абдулла Негматович! Рўзиев ҳам, Эрманов ҳам, Ғаниев ҳам — ҳаммаси. Қандай қилиб мурожаат қилишини сиз ўзингиз айтинг.

Бутун элга айтсин: Ўзбекистонни ундай деб ўйламанглар, мен аҳмоқлик қилганман, мен хиёнат қилганман, деб. Миллат эмас, мамлакат эмас, давлат эмас, деб. Керак бўлса ўша блогерларни йиғсин, блогерларга ўзлари ҳисобот беришсин», — деган Шавкат Мирзиёев видеоселекторда.