Тошкентда Божхона, Ички ишлар органи, Прокуратура тадбиркорни айбламоқда, Суд эса уни оқлади

“Jahon.uz” ахборот порталининг манбасига кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судининг 2019 йил 10 июндаги ҳукмига кўра, А.Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси ЖК 182-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этилишида айбсиз деб эътироф этилган ва у оқланган.

А.Аҳмедов, 2015 йил 19 ноябрь куни Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш “Ягона Дарча” марказидан “Vilanta Group” МЧЖни давлат рўйхатидан ўтказиб, енгил даромад топиш мақсадида, ўзининг жиноий шериги Анвар Зиявитдинов билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Кичик ҳалқа йўли, 62-уйни жамиятнинг юридик манзили сифатида кўрсатиб, чет давлатда ишлаб чиқарилган турли хилдаги парфюмерия маҳсулотларини божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиб, Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш билан шуғулланиб келган (Бу суриштирув ва тергов органининг фикри).

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан “Vilanta Group” МЧЖ мансабдор шахслари томонидан  2016-2017 йилларда импорт қилинган товарларнинг божхона назорати ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши қонунийлиги ўрганилиши давомида 15.05.2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан “Vilanta Group” МЧЖ номига божхона расмийлаштирувидан ўтказилган божхона юк декларациялари ва унга илова қилинган юк-кузатув ҳужжатлари бўйича Россия Федерал божхона хизматига халқаро сўровнома юборилган.

Ушбу сўровномага жавобан, Россия Федерал божхона хизмати 17.07.2018 йилда 07-250\4780-сонли жавоб хати ва унга илова қилиб  юк-кузатув ҳужжатларини нусхасини юборган. Россия Федерал божхона хизмати томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Литва давлатидан Ўзбекистон Республикасидаги “Vilanta Group” МЧЖга импорт қилинган товарларга тегишли транзит ҳужжатлар тақдим этилган. Россия Федерал хизматининг жавоб хати ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси “Эксперт комиссияси”нинг 09.08.2018 йилдаги хулосасига кўра, Литва давлатининг “Лависос Концерн” МЧЖ томонидан “Vilanta Group” МЧЖ номига  2016 йилнинг октябрь-декабрь ойлари давомида божхона тўловлари паст бўлган “Гидроксид натрия (Каустическая сода 99%) товарлари ўрнига аслида божхона тўловлари юқори бўлган турли хилдаги “Парфюмерия” товарлари юборилганлиги маълум бўлган.

Давлат божхона қўмитаси эксперт комиссиясининг хулосасига мувофиқ, “Vilanta Group”  МЧЖ томонидан расмийлаштирилган 26004\14.11.2016\0023148 ва 26004\30.12.2016\0027708 рақамли БЮДлар бўйича 696.237.047,14 сўмлик жуда кўп миқдордаги қўшимча божхона тўловлари тўланиши лозимлиги аниқланган.

Шайхонтоҳур туман Прокуратураси томонидан келтирилган протестда, туман судининг оқлов ҳукмини бекор қилиб, А.Аҳмедовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топиш сўралган.

Судда Прокурор М.Комилов туман судининг оқлов ҳукмини бекор қилиб, А.Аҳмедовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топиб, унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашни сўраган (Прокурор Прокуратура келтирган протестни ҳимоя қилган, ЖПК талаблари бузилганига эса эътибор бермаган).

Ўзбекистон Республикаси ЖПК 23-моддасининг 1-қисмида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги белгиланган.

Кассация инстанцияси суд мажлисида гувоҳ У.Шакаров, у Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ ТБ бўлинма бошлиғи лавозимида ишлашини, судланувчи А.Аҳмедовни жиноят иши бўйича танишини, “Vilanta Group” МЧЖ раҳбари А.Аҳмедовга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатларини амалга оширганини, у А.Аҳмедовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан айб эълон қилганлигини, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят ишини Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг суриштирувчиси томонидан қўзғатилганлигини, у жиноят ишини қўзғатмаганлигини, жиноят ишидаги барча ҳужжатлар Давлат Божхона Қўмитаси томонидан юборилганлигини билдирган.

Шунингдек, судда терговчи “Vilanta Group” МЧЖ раҳбари А.Аҳмедовга нисбатан айб эълон қилиш бўйича амалдаги Ўзбекистон Республикаси ЖПК 331-моддасининг 5-қисми бўйича, яъни “Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган фактлар бўйича тадбиркорлик субъектига нисбатан жиноят ишини қўзғатишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг розилиги билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарининг розилиги билан йўл қўйилади” деб кўрсатилган талаб бўйича ушбу жиноят иши юзасидан ҳеч кимдан рухсат олмаганлигини, у терговчи сифатида рухсат олиш бўйича прокуратура органларига мурожаат қилмаганлиги ҳақида кўрсатув берди.

Дастлабки суриштирув ва тергов органи томонидан вагонларда келган юкларнинг миқдори ва уларнинг турини аниқлаш чораларини кўриш юзасидан маҳсулот етказиб бериш шартларига кўра масъул бўлган темир йўл ходимлари, чегара ходимларини аниқлаш ва уларни сўроқ қилиш чоралари ҳамда тегишли тартибда экспертиза тайинлаш масаласи муҳокама қилинмаган.

Давлат Божхона Қўмитаси томонидан 4441их-сонли хулосаси бўйича ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун юридик бўлимга тақдим этилмаганлиги аниқланган. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 19.01.2017 йилдаги ПҚ-2733-сон Қарори талабларига зид эканлиги кўринади. Ўзбекистон Республикаси ЖПК 331-моддасининг 5-қисмида “Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган фактлар бўйича тадбиркорлик субъектига нисбатан жиноят ишини қўзғатишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг розилиги билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарининг розилиги билан йўл қўйилади” деб белгилаб қўйилган.

Лекин, дастлабки суриштирув-тергов органлари томонидан тўпланган ҳужжатлар ва биринчи босқич судида аниқланган ҳолатларга кўра, шунингдек, қўшимча гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси “Арк-булоқ” ТИФ божхона пости катта инспектор-суриштирувчиси С.Фозилов ва Шайхонтоҳур туман ИИО ФМБ ТБ бўлинма бошлиғи У.Шакаровларнинг кўрсатувларига кўра, “Vilanta Group” МЧЖ раҳбари А.Аҳмедов тадбиркорлик субъекти эканлиги ва унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган фактлар юзасидан жиноят иши қўзғатиш масаласини муҳокама қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилиги билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарининг розилиги олинмаганлиги ва бу каби процессуал ҳаракат амалга оширилмаганлиги аниқланди.

Д.Шоазизов раислик қилган, З.Камолов, А.Жалиловдан иборат Судлов ҳайъати, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман судининг 2019 йил 10 июндаги Аҳмедов Аҳрор Акмаловичга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз, келтирилган апелляция протестини қаноатлантирилмасдан қолдирди.

Шу ўринда Олий судга офарин демасдан илож йўқ. Прокуратура протест келтириб тадбиркорни айбламоқчи бўлган бир вазиятда, адолат томонда бўлди ва суд ўз позициясида мустаҳкам қолди.