Тошкентдаги боғчада “Овқатдан заҳарланган 12 бола воқеаси” ортидан жиноят иши очилди

Ошхона анжомлари тозалигига риоя қилинмагани натижасида таомлар ичак инфекцияси билан зарарлангани аниқланган.

“7news.uz” интернет нашрининг ўз манбаси тақдим этган терговга оид ҳужжатларга кўра, Мактабгача таълим муассасасининг ошхонасида ишлаган Р.Н.(Бош ошпаз) ва Н.Р.(ошхона ишчиси) га, боғча болаларининг овқатдан заҳарланиши ортидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257(1)-моддаси 1-қисми билан, 1-1005-1903/160-сонли жиноят иши очилган.

Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Юнус Ражабий кўчаси 66-уйда жойлашган 323-сонли мактабгача таълим муассасасининг тарбияланувчилари – 10.08.2015 йилда туғилган Б.М., 10.03.2014 йилда туғилган Б.Р., 31.07.2013 йилда туғилган Ж.Х., 24.07.2014 йилда туғилган Р.И., 03.04.2013 йилда туғилган М.И., 26.08.2014 йилда туғилган М.О., 15.07.2015 йилда туғилган О.И., 31.03.2013 йилда туғилган Р.С., 24.11.2013 йилда туғилган Р.И., 08.01.2014 йилда туғилган С.С., 13.01.2014 йилда туғилган С.М., 11.06.2013 йилда туғилган Т.Х. овқатдан заҳарланиб, “Ўткир инвазив диарея” ташхиси билан 2- ва 4-сонли ШБЮКШ касалхоналарига ётқизилганлар ва шу билан уларга Соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳатлари етказилган ва бу ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.

МТМ да фаолият олиб борган “MFB” МЧЖ бош ошпази Р.Н. ва ошхона ишчиси Н.Р. иш жойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган 0348-17 сонли санитария қоида ва меъерлари талабларига риоя қилмай таом тайёрлашда технологик қоидаларни бузганликлари 323-сонли МТМнинг 12 нафар тарбияланувчилари ўртасида гуруҳли “Ўткир диарея” касаллигини келиб чиқишига асосий омил бўлганлиги айтилмоқда.

Тошкент шаҳар ДСЭНМ санитария кимёвий лабораторияси томонидан олинган МТМ ошхонасидаги озиқ-овқат махсулотлари намуналари меъёр талабларига жавоб берганлигини, МТМ ошхона ходимлари – ошпаз ёрдамчиси Н.Р. нинг бурнидан олинган бактериологик таҳлил намуналарида тилларанг стафилакокк (St.aureus), ошпаз Н.Р.нинг ректал олинган намунасидан ичбуруғ касаллиги қўзғатувчиси (дизинтерия Sh.flexnera-2A) аниқланган.

Бундан ташқари, санитария қоида ва меъёрлари талабларига риоя қилмай таом тайёрлашда технологик жараён бузилганлиги, ошхона анжомлари тозалигига риоя қилинмагани натижасида таомлар ичак инфекцияси билан зарарланиб, МТМ тарбияланувчиларига берилганлиги улар ўртасида гуруҳли “Ўткир диарея” касаллигини келиб чиқишига асосий сабаб бўлганлигини, агарда гуруҳларда тарбияланувчилар заҳарланган бўлганида, бир гуруҳ тарбияланувчилари заҳарланган бўлишини кўрсатди.

Яқин кунларда “7news.uz” интернет нашри, бу воқеа бўйича сўнгги маълумотларни ҳам эътиборингизга ҳавола этади.