Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура Матбуот хизмати: «Прокуратура атрофидаги панжаралар олинмоқда»

Фото: "Бош прокуратура Матбуот хизмати"

Отабек Муродов Бош прокурорлиги даврида ОАВ учун очилган прокуратура эшиклари, Ниғматилла Йўлдошев Бош прокурорлик даврининг бошланишиданоқ, халқ учун ҳам очилмоқда.

Ниғматилла Йўлдошев Бош прокурорлик даврини ажойиб ислоҳот билан бошлади. Ваъда берилганидек, «Халқ прокуратураси» шакллантириш бошланди.

Хабарингиз бор, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев лавозимни эгаллаган дастлабки кундан бошлаб, халқ билан учрашувлар, сайёр қабуллар ўтказа бошлаган эди.

«Халқ прокуратураси» шакллантиришнинг яна бир босқичи амалга оширилди. Тошкент шаҳар прокуратурасини ўраб турган, халқ билан прокуратурани ажратиб турган «ваҳимали» панжара буткул бузиб ташланди.

Бу борадаги хабарни Бош прокуратура Матбуот хизмати ва Тошкент шаҳар прокуратураси Матбуот хизмати «7news.uz» га тасдиқлади.

Қўшимча қилиб айтиш керакки, Прокуратура фаолиятининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш ҳамда “Халқ прокуратураси”га айлантириш мақсадида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини прокуратура биноларига эркин кириб-чиқишлари учун
шарт-шароитлар яратилмоқда.

Шу мақсадда, шаҳар прокуратураси маҳкамаси биносининг олди томонидаги темир панжаралар ҳамда кириш қисмидаги металл изловчи ускуна олиб ташланди.
Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари прокуратураларида фуқароларга қулай шароит яратиш учун асосий бинолар фойесида салқин ва махсус жиҳозланган кутиш ҳамда қабул қилиш хоналари ташкил этилди, кириш қисмидан эса металл изловчи ускуналар олиб ташланди.

Шайхонтоҳур тумани прокуратураси биносида “она ва бола” хонаси ташкил қилинди.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг шаҳар прокуратураси органлари фаолиятини “намунавий тизим”га айлантириш ҳақидаги топшириғи ижросини таьминлашга қаратилган чора тадбирлар Дастури ишлаб чиқилган.

Дастурга мувофиқ жамоат транспорти фаолиятини тўлиқ ўрганиб, таҳлил қилиш, шу жумладан шаҳар прокуратураси барча ходимларининг жамоат транспортида юришлари орқали мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шу мақсадда, шаҳар прокуратураси органларида ҳар ойнинг бир куни “Жамоат транспортидан фойдаланиш куни” деб эълон қилинди ва шу куни ходимларнинг жамоат транспортида ишга келиб-кетиш амалиёти жорий қилинди ҳамда ходимлар томонидан жамоат транспортида юриш давомида аниқланган муаммо ва ноқулайликлар ҳақида раҳбариятга билдириш тизими йўлга қўйилди.

Оддий халқ вакили ва журналист сифатида бу ислоҳотни олқишлайман.

Ажойиб ўзгаришлар давомий бўлишига ишонаман!